Вазирлар Маҳкамаси 12 сентябрь куни оммавий тадбирлар ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, айрим оммавий тадбирларни ўтказиш жараёнида иштирокчилар «жамоат хавфсизлигига ва фуқаролар хавфсизлигига хавф солувчи» хатти-ҳаракатларни кўпайтирмоқда.

Бундай ҳолатлар оммавий тадбирлар ўтказиладиган жойларда, айниқса, ёпиқ жойларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чоралар кўришни тақозо этмоқда, дейилади қарорда.

Қоидаларга киритилган ўзгартиришлар қуйидагиларни назарда тутади:

  • оммавий тадбирларни ўтказиш объектини танлашда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, шунингдек, уларга таҳдид солувчи вазиятларда фуқароларнинг эвакуациясини самарали ташкил қилиш учун шароитлар мавжудлигини ҳисобга олиш;
  • томошабинлар ва бошқа иштирокчиларни фавқулодда вазиятларда эвакуация қилиш тартиби, йўллари ва йўналишлари тўғрисида хабардор қилиш;
  • объектга кириш-чиқиш хавфсизлигини, объектга бориш ва кириш жойларида автомобиллар ҳаракатини чеклайдиган физик тўсиқлар ўрнатилишини таъминлаш.

Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига киритилган ўзгартиришларга кўра, энди зарурат бўлганда, оммавий тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш комиссияси оммавий тадбирни ташкил этиш ва ўтказиш даврида муҳандис-техник коммуникациялар хавфсиз ишлашини, энергия таъминоти ва ёнғин хавфсизлигини, йўл ҳаракати хавфсизлиги, иштирокчиларнинг эвакуация қилинишини ва фавқулодда вазиятларнинг олди олинишини таъминлаш гуруҳларини ташкил этиши мумкин.

Ишчи гуруҳ нафақат об-ҳаво шароитига қараб, балки хавфли табиат ҳодисалари ва техноген аварияларнинг юзага келиши прогнозларини ҳам текшириши керак.

Оммавий тадбир ташкилотчиси фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш чораларини кўриши, бундай таҳдидлар мавжуд бўлганда эса фуқароларни самарали эвакуация қилиш учун шароит яратиши шарт.

Оммавий тадбирларга ташриф буюрувчиларга фавқулодда вазиятларда ваҳима қўзғатмаслик, уларни эвакуация қилишга халақит берадиган ҳаракатларга йўл қўймаслик ҳамда тадбир ўтказиладиган жой маъмурияти, ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва ФВВнинг қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши шарт.

Оммавий тадбирлар ўтказиладиган жой маъмурияти ваҳима кўтарилиши ва эвакуацияни қийинлаштирувчи бошқа хатти-ҳаракатлар амалга оширилишининг (ўтиш жойларида, эшиклар олдида, зиналарда ва бошқа жойларда одамларнинг тўпланиб қолиши) олдини олишга қаратилган матн ишлаб чиқилишини ҳамда фавқулодда вазиятларда хабар бериш тизими орқали узатиб борилишини таъминлаши шарт.

Оммавий тадбирларни ўтказишга рухсатнома ташкилотчи хавфли табиий ҳодисалар ва техноген авариялар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун техник ва махсус воситалар мавжудлигини таъминлаши шартлигини ўз ичига олади.

Июнь ойи охирида навбатдаги шундай воқеадан сўнг ҳукумат озиқ-овқат, товарлар ва бошқа қимматбаҳо нарсаларни текин тарқатиш ёки уларни «ўта арзон» нархларда сотиш орқали фуқароларни оммавий тадбирларга жалб қилишни тақиқлаганди.