Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан «Илмий ва инновацион фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг тубдан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Фармон лойиҳаси билан 2025 йил 1 январидан бошлаб илмий ташкилотларни молиялаштириш бўйича янги тартиб жорий этилади. Унга кўра:

  • Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети ҳисобидан илм-фан харажатлари учун ажратилган маблағлар доирасида сақланаётган ва базавий молиялаштиришга ўтказилган илмий ташкилотларнинг (кейинги ўринларда — бюджет илмий ташкилотлари) илмий фаолиятини мувофиқлаштириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
  • бюджет илмий ташкилотлари томонидан ҳисобот йилидан кейинги йил учун ишлаб чиқиладиган илмий-тадқиқот дастурлари илмий ишланмаларнинг истеъмолчиси бўлган ташкилотлар талабларидан келиб чиққан ҳолда юқори турувчи вазирлик ва идоралар орқали Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги (кейинги ўринларда — агентлик)га экспертизадан ўтказиш учун киритилади;
  • агентлик илмий-тадқиқот дастурларига киритилиши таклиф этилган мавзуларнинг илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларга мувофиқлиги, илмий ишланмаларнинг истеъмолчиси бўлган ташкилотлар талаблари ўрганилганлиги, аввал бажарилган илмий-тадқиқотларни такрорламаслиги ва бюджет илмий ташкилотнинг фаолият йўналишига мослиги юзасидан экспертизадан ўтказади;
  • белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилган илмий-тадқиқот дастурлари агентлик томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик)га келишиш учун киритилади ва келишилган илмий-тадқиқот дастурлари бюджет илмий ташкилотларнинг юқори турувчи ташкилоти томонидан тасдиқланади;
  • базавий молиялаштиришга ўтказилган илмий ташкилотларнинг тасдиқланган илмий-тадқикот дастурлари илмий фаолиятга оид давлат дастурларга ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштириб борилади;
  • бюджет илмий ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар ҳар йили 1 ноябрга қадар агентликка кейинги йилларда амалга ошириладиган илмий-тадқиқот дастурлари лойиҳасини кўриб чиқиш учун киритади;
  • белгиланган тартибда кўриб чиқилган илмий-тадқиқот дастурлари вазирлик томонидан келишилади ва бюджет илмий ташкилотининг юқори турувчи ташкилоти томонидан тасдиқланади.

Вазирликнинг Илмий ва инновацион фаолият юритувчи юридик шахсларнинг реестри (кейинги ўринларда — Реестр)ни жорий этиш юзасидан таклифига розилик берилади.

Лойиҳада белгиланишича:

  • реестр электрон шаклда юритилади ва реестрга киритилган ташкилот ўзининг фаолият турига кўра Агентликнинг тегишли ахборот тизимларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади;
  • реестрга киритилган ташкилотдаги ходимлар илмий-инновацион фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни шахсий идентификация рақами (кейинги ўринларда — шахсий идентификация рақами)га эга бўладилар ва Агентликнинг ахборот тизимларидан ўзларининг шахсий кабинетлари орқали белгиланган тартибда фойдаланадилар;
  • агентлик Реестрга киритилган ташкилотдаги ходимларни шахсий идентификация рақами билан таъминлаш чораларини кўради;
  • реестрга киритилган ташкилотларнинг илмий ва инновацион фаолиятига доир маълумотлари Агентликнинг ахборот тизимлари, «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси ва бошқа давлат ахборот тизимлар билан интеграция орқали ягона электрон базада тўпланади;
  • Ўзбекистонда илмий ва инновацион фаолиятнинг асосий кўрсаткичлари Реестрга киритилган ташкилотлар бўйича жамланади.

Шунингдек, вазирликнинг илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида докторлик диссертациясини бажаришга қаратилган амалий тадқиқот лойиҳаларидан (кейинги ўринларда — диссертацион тадқиқот лойиҳаси) иборат Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши кўзда тутилган.

Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш дастурларини шакллантириш ва бажарилишида қуйидагилар белгиланади:

  • Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш дастурлари ҳар йили агентлик томонидан ўтказиладиган бажарилиши уч йилга мўлжалланган диссертацион тадқиқот лойиҳалари танлови натижаларига кўра Вазирлик томонидан тасдиқланади;
  • диссертацион тадқиқот лойиҳасига раҳбарлик қилувчи (кейинги ўринларда — лойиҳа рахбари) бир вақтнинг ўзида лойиҳага мувофиқ бажарилаётган фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясини тайёрлайдиган изланувчининг (кейинги ўринларда — изланувчи) илмий раҳбари ҳисобланади;
  • диссертацион тадқиқот лойиҳасида фақат бир нафар изланувчи лойиҳа ижрочиси сифатида киритилади ва лойиҳа бажарилаётган ташкилот унинг асосий иш жойи этиб белгиланади;
  • лойиҳа ижрочиси лойиҳа раҳбари томонидан мустақил ўтказиладиган танлов натижаларига кўра аниқланади ва докторлик диссертациясини тузиладиган тегишли шартномага мувофиқ лойиҳа бажарилаётган ташкилотда мустақил изланувчи сифатида амалга оширади;
  • амалий тадқиқот лойиҳаси учун ажратиладиган маблағлар доирасида докторлик диссертациясини тайёрлаш назарда тутилади.

Ёш олимларни хорижий илмий стажировкага юборишни ташкил қилишда қуйидагилар белгиланади:

  • 2025 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш бўйича танловларни ташкил этиш, ўтказиш, саралаш ва молиялаштириш Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан амалга оширилади;
  • Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан хорижий стажировкага фақат илмий фаолият билан шуғулланаётган 35 ёшдан ошмаган ходимлар юборилиши режалаштирилмоқда.