Германия канцлери Олаф Шольц 15 сентябрь куни Самарқандда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар якунлари бўйича матбуот анжуманида нутқ сўзлади ва журналистларнинг саволларига жавоб берди, деб хабар бермоқда Германия ҳукумати матбуот хизмати.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон «Германия учун, жумладан, яқин келажак учун жуда муҳим ҳамкор». Бугун узоқ тарихга эга, анъанавий Ипак йўлида жойлашган Самарқанд шаҳрида Германия ва Ўзбекистон, қолаверса, бутун Марказий Осиё минтақаси ўртасидаги муносабатларнинг янада ривожланиши ҳақида сўзлаш имконига эга бўлдим, деди у.

«Шунинг учун биз кенг форматда икки томонлама муносабатларни, жумладан, немис компаниялари ва Ўзбекистоннинг ривожланиш манфаатлари бир-бирига мос келиши ҳақидаги кўплаб саволлар мавжуд бўлган иқтисодий муносабатларимизни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишимиз муҳим эди», — деди у.

Канцлер миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли ҳамкорлик тўғрисида имзоланган ҳукуматлараро битимни алоҳида қайд этди.

Бир неча ой давомида тайёрланган янги битим Ўзбекистон фуқароларининг Германияга қонуний миграциясини соддалаштириши кутилмоқда. Шу билан бирга, Тошкент Германия ҳудудида қонуний асосларсиз бўлганларни қабул қилиши керак бўлади. DPA ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Германияда 13 минг 700 нафар ўзбекистонлик бўлиб, уларнинг мутлақ катта қисми қонуний асосларда яшамоқда. 200 нафарга яқин шахс Ўзбекистонга депортация қилиниши кутилмоқда.

«Бу биз ҳозир дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан келишмоқчи бўлган келишувлар схемасига мос келади. Биз иқтисодиётимиз ўсиши учун Германияга зарур бўлган моҳир ишчиларнинг зарур иммиграциясини таъминлаяпмиз. Шу билан бирга, биз оддий, бюрократик бўлмаган тартиб-қоидалар ҳақида келишиб оламиз, токи ким қайтиб келиши керак бўлса, қайтиб келсин. Бу катта вазифани бажаришда мутлақо тўғри йўл ва шу жиҳатдан бу қурилаётган жуда катта деворниннг кичик бир блокидир» — деди у.

Шольц Шавкат Мирзиёев билан Афғонистон, Россиянинг Украинага қарши агрессив уруши, Ўзбекистон тараққиёти ва «давом этиш керак бўлган демократлаштириш» масалаларини муҳокама қилганини айтди.

Июн ойида Der Spiegel журнали Германия ҳукумати қочқинлик мақомини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган афғонларни «Толибон» билан тўғридан-тўғри келишувларсиз ватанларига жўнатиш учун Ўзбекистон билан яширин музокаралар олиб бораётгани ҳақида ёзганди.

Нашрга кўра, май ойи охирида Германия делегацияси ички ишлар вазири Фезер топшириғи билан Тошкентга ташриф буюриб, Ўзбекистон ҳукумати билан тегишли режани муҳокама қилган.

«Немислар Ўзбекистон ҳукуматига аниқ режа таклиф қилишди, — дейилади хабарда. — Унга кўра, Германия афғон номзодларини Тошкентга чартер рейсларда жўнатиш учун етказиб бериши мумкин эди. У ердан Афғонистон фуқароларини KamAir хусусий авиакомпаниясининг самолётларида Кобулга олиб боришган бўларди. Бундай йўналиш Берлиннинг „Толибон“ ҳукумати билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бормаслигини кафолатлайди, аммо у депортация қилиниши керак бўлган афғонларни депортация қилиши мумкин».

Афғонистонликларнинг Ўзбекистон орқали депортацияси соддалаштириладими, деган саволга канцлер «кўп соҳаларда ҳамкорлик бўйича махфий музокаралар олиб борилаётганини» айтди.

Шунингдек, канцлер томонлар Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш масаласини муҳокама қилганини таъкидлади.

«Биз дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги кўплаб ҳукуматлар билан санкциялар масаласини ва уларни четлаб ўтиш мумкин эмаслигини муҳокама қиляпмиз. Биз учун бу тамойил ва биз санкциялар ёрдамида кўзлаган мақсадимиз манфаатлари йўлида яхши амалиётга эришиш учун уни қайта-қайта муҳокама қиламиз. Шу маънода бу биз интилаётган ва биз узоқ вақтгача машғул бўладиган вазифадир. Бунга ишончим комил», — деди у.

Шунингдек, Германия ҳукумати раҳбаридан «Россия ва Хитой ўзининг бевосита таъсир доираси» деб ҳисоблайдиган Ўзбекистон ва Қозоғистон Германия билан ҳамкорликдан аниқ нимага эришиши сўралди.

«Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликка келсак, биз бу мамлакатларни қўллаб-қувватлашда ва сиёсий ҳамда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда давом этишимизни таъкидлашимиз зарур. Бу улар учун яхши сигнал, чунки шунда улар минтақада ўз мустақиллиги ва суверенитети устида ишлашлари осонроқ бўлади, бу фақат яхши ҳамкорлар мавжуд бўлгандагина имконлидир. Германия улар учун муҳим», — деди Шольц.

Эслатиб ўтамиз, якшанба куни Шавкат Мирзиёев Самарқандда Германия канцлерини қабул қилганди. У ерда Германия ҳукумати раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Томонлар тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар олиб борди. Унда томонлар миграция битимини имзолади. Қолаверса, Бошқарув кадрларини тайёрлаш қўшма мактаби ишга туширилмоқда. Шавкат Мирзиёев Lufthansa авиакомпанияси билан тўғридан-тўғри парвозларни қайта йўлга қўйишни таклиф қилди.

Учрашув якунида 10 га яқин икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида миграция, муҳим фойдали қазилмалар, транспорт, иқлим ўзгариши ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик битимлари бор.