Тошкент шаҳри ҳудудидаги дарахтларнинг реестрини шакллантириш жараёни 20 сентябрдан бошланади. Бу ҳақда Юнусобод туманидаги собиқ астрономия боғининг жамоатчилик экопаркига айлантирилиши бўйича ўтказилган жамоатчилик эшитувида экология вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Таъкидланишича, «Замин» халқаро фонди, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда пойтахт ҳокимлиги билан ҳамкорликда «Дарахтлар реестри» лойиҳаси йўлга қўйилмоқда. Бунинг устида 1,5 йил давомида иш олиб борилган.

Фото: Мурод Юсуф / «Газета.uz»Фото: Мурод Юсуф / «Газета.uz»

«Шаҳардаги дарахтларнинг ҳаммаси тўлиқ инвертизация қилинади. Бунинг учун 100 нафар волонтёр жалб этилиб, ҳар бирига планшет берилади. Дарахтларнинг электрон базасини яратиш жараёнида улар шунчаки расмга олинмайди, балки тури, бугунги ҳолати ва бошқа жиҳатлари ҳам ҳисоб-китоб қилинади. Лойиҳа 2,5 йил мобайнида амалга оширилади», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Вазирликнинг давлат кадастрини юритиш ва геоахборот тизимларини жорий этиш бўлими бош мутахассиси Амиржон Юлдашевнинг «Газета.uz» мухбирига қўшимча қилишича, лойиҳа доирасида 100 дона GNSS приёмник, 100 та лазерли дальномер, 100 дона планшет, 100 та дастурий восита ва 2 дона GNSS база станцияси харид килинган.

«Ушбу қурилмалар ва дастурий восита ёрдамида дарахтларнинг аниқ жойлашув координаталари, тури, баландлиги, диаметри, крона диаметри, ҳолати ва фотосуратлари электрон платформага киритилади. GNSS қурилмаларидан ҳамда дастурий воситадан фойдаланиш бўйича 100 нафар волонтёрга семинар машғулоти ўтказилди. Шунингдек, ишчи гуруҳларни техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашда ёрдам бериш учун қўшимча 5 нафар мутахассис ҳам ўқитилди», — деди вазирлик вакили.