Вашингтонда Божхона қўмитаси раиси Акмалхужа Мавлонов ва АҚШнинг Божхона чегара хизмати комиссари Трой Миллер ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

Қайд этилишича, шу кунларда қўмита раиси бошчилигидаги делегация Қўшма Штатларда бўлиб, божхона соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган учрашув ва музокаралар олиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон-АҚШ божхона хизмати раҳбарлари томонидан «Ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида»ги битими имзоланди.

Мазкур ҳужжат икки мамлакат ўртасида божхона соҳасида ахборот алмашиш имконини беради ва гиёҳванд моддалар савдоси, одам савдоси, трансмиллий жиноий гуруҳлар, жиноий даромадларни легаллаштириш, божхона тўловларидан бўйин товлашга қарши курашишда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Қўмитанинг таъкидлашича, АҚШ божхона соҳасида ҳамкорликни назарда тутувчи бу каби икки томонлама битимларни дунё бўйлаб 200 га яқин давлатлар ичида 17 та давлат билан имзолаган бўлса, Ўзбекистон бу рўйхатда 18-давлат сифатида қайд этилди.

Музокараларда АҚШ чегара ва божхона хизматининг таргетлаш бўйича мутахассисларини Ўзбекистонга жалб қилиш, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларнинг АҚШда малака ошириш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди.

Акмалхужа Мавлонов Трой Миллерни Ўзбекистонга таклиф қилди, дейилади хабарда.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Миллий таргетлаш маркази, Кинология академияси, Техасдаги Сан-Антонио халқаро аэропорти, Ларедо шаҳридаги World trade bridge авто чегара божхона пости, Техас-Мексика халқаро темир йўл ўтказиш пункти фаолияти билан яқиндан танишишлари режалаштирилган.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг АҚШ билан товарлар ташқи савдоси сўнгги 6 йилда 48 фоизга ошган. 2024 йилнинг 8 ойида бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 64 фоизга ўсган.