Республика бўйлаб истеъмолчилар томонидан алоқа компанияларининг тарифларидаги тушунмовчиликлар, алоқа ва интернет хизматларининг сифатсизлиги, кўрсатилмаган хизматлар учун ортиқча тўловлар олинишига оид кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда, дея маълум қилди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Қайд этилишича, бундай ҳолатлар Uzmobile, Ucell, Mobiuz, Beeline ва Humans алоқа компаниялари билан содир бўляпти. Қўмита мурожаатларни мобил алоқа хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома, танланган тариф режаси ва алоқа хизматларининг шартларига мослиги юзасидан ўрганишлар ўтказган.

Хусусан, Самарқанд вилоятида фуқаро 6 млн 700 минг сўм пул бошқа бир ҳисобга ўтгани ва уни қайтариб ололмаётганини билдирган. Қўмита ўрганишлари натижасида унга маблағ Humans алоқа хизмат кўрсатиш компанияси томонидан тўлиқ қайтариб берилган.

Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи М.Х. Ucell алоқа компаниясининг ортиқча пул ҳисобланганидан норозилигини билдирган ва пулини қайтариб олишда амалий ёрдам сўраган. Қўмита «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 21-моддаси талабларига мувофиқ компания ходимларига тушунтириш ишларини олиб борган ва истеъмолчининг ортиқча ҳисобланган 100 минг сўмга яқин маблағи қайтарилган.

Хоразм вилоятида фуқаро Ш. Ю. ўзига алоқа хизмати кўрсатувчи Mobiuz томонидан ҳисоб рақамидан пул доимий равишда камайиб бораётганидан, компаниянинг 0890 ишонч телефонига қилган мурожаати ечим топмаётганидан норози бўлиб мурожаат қилган. Маълум бўлишича, ундан «Кинофан викторина» хизмати учун июль-август ойида 500 ва 2000 сўмдан йигирмага яқин маротаба пул ечиб олинган. Ўрганиш натижасида ечиб олинган пул қайтарилган, рақами қўшимча хизматлардан ўчирилган.

Бухоро вилоятида фуқаро Х.Ф. Uzmobile томонидан сифатсиз интернет хизмати кўрсатилаётгани бўйича мурожаат қолдирган. Ўрганиш жараёнида у интернетга улангани, ойлик тўловларини ўз вақтида тўлаётгани, бироқ алоқа қониқарли даражада эмаслиги маълум бўлган. Натижада интернет носозликлари бартараф этилган.

Сурхондарё вилоятида фуқаро Ғ.Ч. фарзандининг банк пластик картасига Beeline компаниясининг бепул иловасидан 450 минг сўм пул маблағини тўлиқ ўтказа ололмаган. Мобил иловада қолиб кетган пулни эса қайтариш бўйича компания ҳеч қандай чора кўрмаган. Ўрганиш натижасида носозлик туфайли мобил иловада қолган маблағ қайтариб берилган.

Қўмитанинг қўшимча қилишича, 2024 йилнинг ўтган 8 ойи давомида истеъмолчилардан алоқа бўйича 1563 та ариза ва шикоятлар келиб тушган бўлиб, 91,5 млн сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.