Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар қилди (видео).

Қонун лойиҳасида чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш, ҳайвонларда юқумли касалликларнинг олди олиш, эмлаш ҳамда мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш масалалари назарда тутилмоқда.

Шунингдек, ҳайвонларни ҳисобини юритиш, ҳайвонларнинг насли, эгаси билан боғлиқ ва уларнинг соғлиги тўғрисидаги ягона электрон тизим яратилиши белгиланмоқда. Ҳайвонларни идентификация қилувчи, рўйхатга олувчи ва кузатувчи мутахассисларининг, идентификация рақамини сақловчи атрибут ишлаб чиқарувчи ва ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилмоқда.

Марузачи Баҳромжон Норқобиловнинг маълум қилишича, бир марталик идентификация ишлари бепул қилинади. Келгуси йилларда туғилган ҳайвонларнинг болларини идентификация қилиш чорва ҳайвонларининг эгалари ҳисобидан қилинади. Бунда битта ўртача қорамолга узоғи 15 минг сўм атрофида бўлиши, майда шохли молларга 7,5 минг сўм бўлиши кутиляпти.

Фуқаро чорвани сотиб олганда, сўйганда ёки улар туғганда смартфон орқали ёки оғзаки мурожаат орқали рўйхатга олинади ёки чиқарилади. Ушбу ҳаракатлар ветеринария хизмати ходимлари томонидан амалга оширилади.

Қонун ташаббускорларининг айтишича, ҳайвонларни идентификация қилиш тизимининг энг асосий афзаллик томонларидан бири, бу тизим орқали озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади. Шу сабабдан истеъмол учун ишлатиладиган гўшт ва бошқа маҳсулотлар олинадиган қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, эшак, туя каби ҳайвон турлари ҳамда улар учун касаллик хавфини туғдириши мумкин бўлган ҳамда касаллик кириб келишини олдини олиш, эпизоотик осойишталикни таъминлаш мақсадида, ит ва мушукларни идентификация қилиниши таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.