Ўзбекистонда август ойида енгил электромобиллар сегментида сотувларнинг пасайиши кузатилди, дея хабар берди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази.

Ой давомида сотувлар ҳажми 1,7 минг донани ташкил этди, бу аввалги ойга нисбатан деярли икки баравар кам.

Ҳудудлар бўйича 5 та ҳудудда сотувлар камайганлиги қайд этилган, умумий пасайишнинг 90 фоиздан ортиғи пойтахт улушига тўғри келган, Тошкентда сотувлар 66 фоизга камайди. Янги электромобилларнинг бирламчи бозорида сотувлар бир ой давомида 53 фоизга камайди, иккиламчи бозорда эса пасайиш 37 фоизни ташкил этди. Йиллик ҳисобда фойдаланилган электромобиллар савдоси 20 фоизга ошди.

Умумий ҳисобда август ойида енгил автомобиллар савдоси 11 фоизга ошиб, 102 минг донани ташкил этди, бу 2024 йилнинг февраль ойидан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказиИқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Шунга қарамай, 2023 йилга нисбатан енгил автомобиллар савдоси 24,6 фоизга қисқарган. Яъни, ойлик ўсишга қарамай, йиллик динамика заифлигича қолмоқда.

Ҳудудлар кесимида август ойида енгил автомобиллар савдоси бўйича энг юқори ўсиш Сурхондарё (54 фоиз), Фарғона (25,4 фоиз) ва Андижон вилоятларида (24,8 фоиз) қайд этилган.

Бирламчи енгил автомобиль бозори

Бирламчи енгил автомобиль бозорида сотувлар июль ойга нисбатан 22,4 фоизга ошди, бу аввалги ойга нисбатан қарийб 7 мингтага кўп ҳисобланади. Йиллик ҳисобда эса вазият барқарорлашмоқда, июль ойида сотувларнинг пасайиши 12 фоиз даражасида бўлган бўлса, август ойида кўрсаткич атиги 1 фоизни ташкил этди.

Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сегментида сотув суръатларини ошириш тенденцияси давом этди. Хусусан, бундай автомобиллар савдоси 22 фоизга ўсиш билан 34 мингтани ташкил этди. Йиллик ҳисобда фаоллик ўсиши 5 фоизни ташкил этди.

Енгил автомобилларнинг иккиламчи бозори

Енгил автомобилларнинг иккиламчи бозоридаги сотувлар ҳажмининг йиллик пасайиши тенденциясини сақланиб турибди. Лекин ойлар ҳисобида сотиш динамикаси ўсиши давом этмоқда. Хусусан, август ойида енгил автомобилларнинг иккиламчи бозоридаги фаоллик ўтган ойга нисбатан 5 фоизга ошди. Ҳисобот даврида бу сегментда 64,6 минг дона автомобиль сотилган. Йиллик ҳисобда эса сотувлар 33,7 фоизга камайган.

Импорт автомобиллар

Август ойида ҳам Ўзбекистон бозорида хорижий енгил автомобиллар бозори ўсишда давом этди. Июль ойида бу сегментдаги сотувлар 9,6 фоизга ўсган бўлса, август ойида ўсиш 25,6 фоиздан ошди, бу аввалги ойга нисбатан 680 тадан ортиқ хорижий автомобилга кўпроқ ҳисобланади. Шунга қарамай, фаолликнинг бундай ўсиши йиллик сотувларнинг пасайиши ҳажмини қопламайди, йиллик ҳисобдаги пасайиш тахминан 38 фоизни ташкил этмоқда.