Футзал бўйича 2024 йилги жаҳон чемпионатининг 17 сентябрь куни бўлиб ўтган учрашувларидан сўнг мусобақанинг дастлабки нимчорак финалчилари номи маълум бўлди. Ўзбекистонни мағлуб этган Парагвай, шунингдек, «Б» гуруҳи фаворитлари ҳисобланган Бразилия ва Таиланд муддатидан аввал плей-офф босқичи йўлланмасини ҳал қилди.

17 сентябрь, сешанба
«А» гуруҳи, 2-тур учрашувлари

Коста-Рика — Нидерландия 2:2

Голлар: Товфиқ Сейар (7, автогол), Йосель Леон (32) — Саид Бузамбу (19), Исмоил Оддуҳ (21).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Исмоил Оддуҳ (Нидерландия).

Коста-Рика ва Нидерландия сешанба куни Тошкентда бир очкодан бўлишиб олиб, футзал бўйича жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичига чиқиш имкониятини сақлаб қолди.

Фото: Мурод Юсуф / «Газета.uz»Фото: Мурод Юсуф / «Газета.uz»

Исмоил Оддуҳнинг ажойиб голидан сўнг Нидерландия ушбу учрашувни ўз фойдасига ҳал қиладигандек эди, аммо Йосел Леоннинг зарбаси коста-рикаликларни мағлубиятдан қутқариб қолди. Шу тариқа, Нидерландиянинг очколари сони 2 тага етган бўлса, Коста-Рика мусобақадаги илк очкосини қўлга киритди.

Нидерландия энди 20 сентябрь, жума куни Бухорода Парагвайга қарши баҳс олиб боради. Коста-Рика эса Тошкентда қолиб, мусобақа мезбони — Ўзбекистон футзалчиларига қарши майдонга чиқади. Коста-Рика ҳам, Нидерландия ҳам, Ўзбекистон ҳам кейинги босқичга чиқиш имконини сақлаб қолмоқда.

Ўзбекистон — Парагвай 1:4

Голлар: Ҳусниддин Нишонов (36) — Хорхе Эспиноса (16), Арнальдо Баес (17), Франсиско Мартинес (24), Хавьер Адольфо Салас (26).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Хорхе Эспиноса (Парагвай).

Парагвай жаҳон чемпионатининг плей-офф йўлланмасини қўлга киритиб бўлди, Ўзбекистоннин плей-оффга чиқиш имкониятлари эса каррасига камайди.

Биринчи таймда Хорхе Эспиноса ва Арнальдо Баеснинг икки голи, иккинчи таймда эса Франсиско Мартинес ва Хавьер Саласнинг икки голи Парагвайнинг ўта йирик ҳисобдаги ғалабасини таъминлаётган эди. Ўзбекистон бу тўрт голга ўйин якунланишига тўрт дақиқа қолганида Ҳусниддин Нишоновнинг бир голи билан жавоб бера олди, холос. Шунга қарамай, ўзбекистонлик футзал ишқибозлари бутун ўйин давомида миллий термани тинимсиз қўллаб-қувватлаб турди.

Ўзбекистон кейинги босқич йўлланмасидан бебаҳра қолмаслиги учун энди жума куни Тошкентда Коста-Рикани мағлуб этиши керак бўлади, шунда ҳам жамоанинг кейинги босқичга чиқиш-чиқмаслик масаласи тўлиқ ўзига боғлиқ эмас — Ўзбекистон бошқаларнинг натижаларини кутишга мажбур бўлиши мумкин. Парагвай эса Нидерландияга қарши 3-тур учрашувини ўтказиш учун Бухорога йўл олади.

ўзбекистон футзал терма жамоаси, футзал бўйича жаҳон чемпионати 2024

«Б» гуруҳи, 2-тур учрашувлари

Таиланд — Куба 10:5

Голлар: Крит Арансаньялак (6), Ронначай Жунгвонгсук (12), Супхавут Туеанкланг (14, 26), Иттича Прапхапхан (29, 29), Апиват Чаемчароен (32), Муҳаммад Осаманмуса (29, 37), Саравут Фалафруек (39) — Кристиан Валиенте (4), Кристиан Морехон (16, 37), Даян Котилья (16), Идуан Мартинес (30).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Муҳаммад Осаманмуса.

Таиланд ўзининг совуққон ўйини билан Кубани тор-мор этиб, жаҳон чемпионатидаги кетма-кет иккинчи ғалабасини қўлга киритди ва кейинги босқич масаласини ҳам ҳал қилди.

Куба ушбу баҳснинг яққол аутсайдери ҳисобланса-да, аввалига кутилмаган ўйин кўрсатди — ҳисобни биринчи бўлиб очди ва танаффусга ҳам дуранг (3:3) билан чиқиб кетишга эриша олди.

Аммо иккинчи таймда, Куба яна икки гол уриб, вазиятни ўнглашга уринган бўлса-да, Таиланд рақиб дарвозасига етти бор йўл топиб (улар орасида учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган Муҳаммад Осаманмусанинг дубли ҳам алоҳида эътирофга лойиқ), ғалаба қозонди.

Бразилия — Хорватия 8:1

Голлар: Пито (13, 25), Диего (17), Марсель (18, 24), Негиньо (19), Артур (29), Рафа (37) — Дарио Маринович (15).
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси: Пито (Бразилия).

Бразилия жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг икки ўйинида жами 18 та гол уриб, плей-офф йўлланмасини ҳал қилди.

Фото: ФИФАФото: ФИФА

Жаҳоннинг беш карра чемпионлари 1-турда Куба дарвозасига жавобсиз 10 та гол урганди. 2-турда эса Артур ва Негиньонинг ажойиб голлари, Пито ва Марселнинг дубллари эвазига Хорватияни 8:1 ҳисобида таслим этди.

Бразилия 3-турни ҳам Бухорода ўтказади. Улар «Б» гуруҳида 6 очко ишлаган иккинчи жамоа — Таиланд қарши баҳс олиб боради. Плей-офф йўлланмасидан ҳали умидвор бўлган Хорватия эса Кубага қарши ўйнаш учун Тошкентга йўл олади. Ҳар иккала ўйин 20 сентябрь, жума куни Тошкент вақти билан 17:30 да бошланади.

ўзбекистон футзал терма жамоаси, футзал бўйича жаҳон чемпионати 2024

Навбатдаги ўйинлар

18 сентябрь, чоршанба
«С» гуруҳи, 2-тур учрашувлари
17:30. Тошкент
Ангола — Украина

20:00. Тошкент
Аргентина — Афғонистон

«Д» гуруҳи, 2-тур учрашувлари
17:30. Андижон
Ливия — Қозоғистон

20:00. Андижон
Испания — Янги Зеландия