АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) бизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси учун аризалар қабул қилаётганини эълон қилди. Ташаббус ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва тўқимачилик, туризм, яшил иқтисодиёт ва ахборот-коммуникация технологиялари каби муҳим тармоқларда ўсишни рағбатлантиришга қаратилган.

АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, грант дастури кенг кўламли ташкилотларни, жумладан, кичик ва ўрта корхоналарни, нодавлат ташкилотларни ва иқтисодий ўсиш ҳамда ижтимоий инклюзияга ёрдам берувчи бошқа тузилмаларни қўллаб-қувватлайди. Хотин-қизлар, ёшлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни молиялаштиришга алоҳида эътибор берилади.

Грантлар ҳажми қўшма молиялаштириш шарти билан 25 мингдан 100 минг долларгача бўлади — USAID аксарият корхоналар учун лойиҳа қийматининг 50 фоизини молиялаштиради. Аёллар, ёшлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар учун USAID харажатларнинг 80 фоизигача маблағ ажратиши мумкин.

Ариза топширишнинг охирги муддати — 15 октябрь. Батафсил маълумот ва концепцияларни юбориш шаблонлари ушбу ҳаволада.

USAID’нинг беш йиллик Бизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси Ўзбекистонда инклюзив иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга қаратилган. Бу узоқ муддатли иқтисодий ривожланишга туртки берадиган динамик, жонли ва барқарор тадбиркорлик экотизимини ривожлантиришга ёрдам беради.