Божхона қўмитаси ходимлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги «Ғишткўприк» постида жониворларни ноқонуний олиб ўтишга уриниш аниқланди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.

Қайд этилишича, Андижон вилоятида яшовчи фуқаро М.Н. Чеченистондан 22 дона 4 турдаги қирғовул ва 5 дона Ҳиндистон оқ товусларини чегара божхона постидан олиб ўтмоқчи бўлган.

Назорат-ўтказиш пунктидаги текширув давомида уларнинг тегишли ҳужжатлари мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, ветеринар хулосасида қушлар номи ва сони нотўғри кўрсатилган.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, қушлар ҳолатга аниқлик киритилгунга қадар Тошкент ҳайвонот боғига топширилган.

Маълумот учун, ёввойи ҳайвонларни Ўзбекистонга олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш Экология вазирлиги томонидан бериладиган рухсатномалар бўйича амалга оширилади.

Махсус ҳужжатсиз ноқонуний олиб кириш ёки олиб чиқишга уринишлар пайтида ушланган ёввойи ҳайвонлар олиб қўйилади. Шундан сўнг улардан келгусида фойдаланиш тўғрисидаги қарор вазирлик томонидан қабул қилинади.