Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Германия билан Ўзбекистон ўртасида миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланганига изоҳ берди.

Германия бозорида тиббиёт ва транспорт соҳаси меҳнат ресурсларига муҳтож, шунинг учун Ўзбекистонда хоҳловчилар учун немис тилини ўқитиш курслари ташкил этилади. Имтиҳонларни муваффақиятли топширгандан сўнг, улар уюшган ҳолда Германияга борадилар, деди у.

«Бу шаффоф, ташкиллаштирилган миграция жараёнини йўлга қўйиш йўлидаги биринчи қадамдир. Бугун биз Германиянинг Deutsche Bahn темир йўл компанияси билан автобус ва темир йўл ҳайдовчиларини тайёрлаш ва Globogate билан ҳамшираларни тайёрлашни йўлга қўйяпмиз. Бу йилнинг ўзида Ўзбекистондан 800 дан ортиқ ҳамширалар ташкилий равишда Германияга юборилмоқда, улардан 400 нафари келиб бўлишди, қолганлари тил имтиҳонларини топширмоқда. Уларнинг иш ҳақи камида 2200 еврони ташкил қилади», — деди вазир.

Унинг таъкидлашича, ўзбекистонлик мутахассисларга Германиянинг машинасозлик, транспорт ва тиббиёт соҳаларида юқори технологияларни ўқитиш учун ҳам имконият яратилади.

«Ушбу келишувни тарихий деб атаса бўлади. Мисол учун, Ҳиндистон ва Германия ўртасида ушбу шартнома 6 йил давомида тайёрланган бўлса, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги стратегик муносабатларни аҳамиятга олган ҳолда, ушбу мураккаб ҳужжат бир йил ичида тайёрланди ва имзоланди. Бугунги битим 1−5 йиллик муддатни эмас, балки 10−20−30 йиллик муддатни ўз ичига олади», — деди Беҳзод Мусаев.

Шартномада, шунингдек, соддалаштирилган виза тартиб-қоидалари кўриб чиқилган, Германиядан кўплаб иш берувчилар билан бундай шартномаларни имзолаш режалаштирилган, деди у.

2022 йил апрель ойида ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Швейцариянинг «Globogate Concept AG» ташкилоти билан ҳамкорликда Германиянинг тиббиёт муассасаларига ўрта даражадаги тажрибали ҳамшираларни жалб қилиш дастури ишлаб чиқилганини маълум қилди. 2024 йилнинг август ойи охирида агентлик немис тили бўйича тил курсларига ёзилиш давом этаётгани ҳақида хабар берди.

Март ойида бандлик вазирлиги раҳбари ва Германия Mangold Consulting компанияси президенти ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Германиядаги 1000 дан ортиқ шифохоналарда тиббиёт ходимлари етишмаслиги, металлургия, логистика ва транспортда ишчи кучига талаб ҳам кузатилаётгани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон бу бўшлиқни тўлдиришга тайёрлигини билдирди.