Ўзбекистонда 23 сентябрдан ипотека кредитлари бўйича субсидиялар учун аризалар қабул қилиш бошланади, дея хабар берди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати.

Президентининг 2024 йил 30 апрелдаги ПФ-70-сон фармони кўра, ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг тасдиқланган мақсадли параметрлари доирасида аризалар қабул қилишнинг иккинчи босқичи жорий йилнинг 23 сентябрь куни соат 09:00 да бошланади.

Вазирлик, шунингдек, ижтимоий мезонларга мувофиқ, субсидия олиш учун фуқароларга янада кенгроқ имконият яратиш мақсадида уларнинг даромадларини инобатга олиш тартибига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилганини қайд этган. Эндиликда ариза берувчининг хоҳишига кўра, унинг даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин бўлади.

Фуқаролар субсидия учун давлат хизматлари марказларига бевосита борган ҳолда ёки my.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил равишда ариза топшириши мумкин. Бунда ариза берувчи ва/ёки унинг турмуш ўртоғининг (шу жумладан, кафил сифатида келтирган яқин қариндошларининг) ўртача даромад миқдори:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан (2 млн 835 минг сўм) 8 бараваригача (8 млн 400 минг сўм);
  • Тошкент шаҳрида — МҲТEКМнинг 2,7 бараваридан (2 млн 835 минг сўм) 9,2 бараваригача (9 млн 660 минг сўмгача) бўлиши зарур.