Тошкент шаҳридаги 1-Республика тиббиёт техникуми базасида немис тиббий-таълим дастурлари асосида «Ҳамширалар учун Германия тиббиёт академияси» ташкил этилади, деб хабар берди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати.

Самарқандда Бандлик вазирлиги ҳамда Германиянинг Globogate Concept AG концерни ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномасида бу ҳақда белгилаб қўйилди. Академия даволаш бўйича Европадаги иккинчи йирик университет клиникаси Аахен билан биргаликда очилади.

«Бир йил давомида касб ва тил ўргатилади. Муҳими, улар диплом олиш билан бир қаторда Германияда ишлаш ҳуқуқини берувчи касбий сертификатни ҳам қўлга киритади», — деди Globogate Concept AG концерни бош директори Санг Ву Пай.

Шартномада фуқароларнинг ҳуқуқлари икки давлат қонунлари билан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган.

«Шу вақтгача Германияда тиббиёт соҳасида ишлаш истагида бўлган ҳамюртларимиз ушбу давлатга боргач, 6−8 ой вақтини мослашиш учун сарфлаган. Янги лойиҳага кўра бундай бўлмайди», — дея таъкидлади вазирлик.

Аввалроқ бандлик вазири Беҳзод Мусаев Ўзбекистон ва Германия ҳамшираларни тайёрлаб беришга келишиб олгани ҳақида гапирганди. Унинг таъкидлашича, бу йил Германияга 800 нафар ўзбекистонлик ҳамширалар юборилмоқда, уларнинг иш ҳақи камида 2200 евро. «Улардан 400 нафари келиб бўлишди, қолганлари тил имтиҳонларини топширмоқда», — деган у.

2022 йил апрель ойида ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Швейцариянинг «Globogate Concept AG» ташкилоти билан ҳамкорликда Германиянинг тиббиёт муассасаларига ўрта даражадаги тажрибали ҳамшираларни жалб қилиш дастури ишлаб чиқилганини маълум қилди. 2024 йилнинг август ойи охирида агентлик немис тили бўйича тил курсларига ёзилиш давом этаётгани ҳақида хабар берди.

Март ойида бандлик вазирлиги раҳбари ва Германия Mangold Consulting компанияси президенти ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Германиядаги 1000 дан ортиқ шифохоналарда тиббиёт ходимлари етишмаслиги, металлургия, логистика ва транспортда ишчи кучига талаб ҳам кузатилаётгани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон бу бўшлиқни тўлдиришга тайёрлигини билдирган.