Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан омбудсман фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштириб, унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатларини кенгайтиришга қаратилган янги ҳуқуқ, Ўзбекистон Республикаси президентига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, шунингдек Вазирлар Маҳкамасига «махсус маъруза» тақдим этиш ҳуқуқи белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажарилиши юзасидан «муқобил маъруза» тайёрлаши ҳамда тегишли халқаро ташкилотларга тақдим этиш мумкинлиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, омбудсман лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар соддалаштирилиб, айрим (юксак ахлоқий сифатларга, олий маълумотга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида зарур тажрибага эга бўлиш) талаблар бекор қилинмоқда. Бунда ушбу мезонларни амалиётда аниқлаш турли тушунмовчиликка олиб келиши инобатга олинган.

Омбудсман таъсир чораларининг турларига аниқлик киритилган ҳолда, (огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома) алоҳида бобда, ҳар бир таъсир чораси алоҳида-алоҳида моддада акс эттириляпти.

Мажлисда мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан ишчи гуруҳ аъзолари, ҳуқуқшунослар, депутатлар иштирокида бир қатор йиғилишлар, семинарлар ўтказилгани қайд этилди.

Қонун лойиҳаси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институтининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатидаги аҳамияти оширилиб, соҳага оид ҳуқуқлари янада кенгайтирилмоқда. Хусусан, омбудсман фаолиятида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорлиги аниқлаштирилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.