Лондоннинг асосий савдо кўчаси — Оксфорд-стрит — пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Британия пойтахти мэри Содиқ Хон тақдим этган режа аллақачон ҳукмрон Лейбористлар партияси томонидан қўллаб-қувватланди.

Мэрия баёнотида айтилишича, режалаштирилган ўзгаришлар Оксфорд-стрит ва унинг атрофидаги ҳудудларга ташриф буюрувчи харидорлар, аҳоли, ишчилар ва сайёҳлар учун шароитларни «сезиларли даражада яхшилайди», «пойтахтнинг бу қисмига аввалги шон-шуҳратини қайтаради».

Шаҳар мэрияси режасига кўра, Oxford Circus чорраҳаси ва Marble Arch метро бекати ўртасидаги 1,1 км. лик майдон транспортлар ҳаракати учун ёпилади, дея аниқлик киритди BBC. Лойиҳа қиймати 150 миллион фунтга баҳоланмоқда.

Фото: 2017 йилдаги режа. Mayor of London

«Оксфорд-стрит бир вақтлар Британия чакана савдосининг гавҳари бўлган, аммо сўнгги ўн йил ичида у жуда кўп зарар кўрганига шубҳа йўқ», — деди Содиқ Хон.

Унинг сўзларига кўра, у кўчанинг «яна дунёнинг етакчи чакана савдо нуқтасига айланишини» хоҳлайди ва «ҳудудни сезиларли даражада яшил, тоза ва ҳамма учун хавфсизроқ» қилишни мақсад қилган.

Хоннинг сўзларига кўра, Оксфорд-стритнинг пиёдалар ҳудудига айлантирилиши иқтисодий фаолликнинг ошишига ва солиқ тушумларининг ўсишига олиб келади, шунингдек, Лондоннинг тунги иқтисодиётига туртки беради.

Мэрия маълумотларига кўра, Оксфорд-стритга ҳар куни 500 мингга яқин одам ташриф буюради ва бу пойтахт ялпи қўшилган қийматининг қарийб 5 фоизини таъминлайди.

Бу Лондон расмийларининг Оксфорд-стритни пиёдалар ҳудудига айлантириш бўйича биринчи уриниши эмас. 2017 йилда эълон қилинган режа ўшанда Консерватив партия назорати остида бўлган Вестминстер шаҳри кенгаши томонидан блокланган.

Кенгашнинг ҳозирги раҳбари Стюарт Лавнинг айтишича, кўчада пиёдалар ҳаракатланиши «амалий қийинчиликлар» туғдиради, аммо у бу масала бўйича мэр билан «конструктив ишлаш» ниятида.