Anestpharma компанияси Nest Imudon контрафакт дори воситасини ишлаб чиқаргани учун 68 миллион сўм жаримага тортилди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлигининг Интеллектуал мулк департаменти.

Текширув Imudon препаратининг қалбаки версияси сотилганини эълон қилган Abbott Products Operations компаниясининг мурожаати асосида ўтказилган. Хабарда айтилишича, контрафакт дорининг номи ва қадоқлари асл Imudon`га адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган.

Компания, аввалроқ Magne B6 контрафакт дори воситасини ишлаб чиқаргани учун маъмурий жавобгарликка тортилганди, дея қўшимча қилди департамент.

Маълумот учун, товар белгисидан ёки адаштириб юбориш даражасида у билан ўхшаш бўлган белгидан товарларда, товарларнинг этикеткаларида, ўровларида қонунга зид равишда фойдаланилганда улар контрафакт ҳисобланади.