17 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида иккинчи «Марказий Осиё — Германия» саммитида иштирок этди, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган тадбирда Германия канцлери Олаф Шольц, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

«Биз Германиянинг мамлакатларимизда олиб борилаётган демократик ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, Марказий Осиёдаги ҳамкорлик ва интеграцияни қатъий ҳамда ўзгармас қўллаб-қувватлашини юксак қадрлаймиз», — деди Мирзиёев.

«Биз бугун Германияни барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсадларга эришишда муҳим ҳамкорларимиздан бири сифатида кўрамиз», — деди у.

германия, марказий осиё — германия, шавкат мирзиёев

Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиёда Германия билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича қарашларни маълум қилди.

1. Узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш концепциясини қабул қилиш.

«Устувор соҳаларда дастурий тадбирларни қамраб олган узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш концепциясини қабул қилишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш учун „Марказий Осиё — Германия“ таҳлилий марказлари Форумини таъсис этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қиламиз», — деди у.

Шавкат Мирзиёев унинг биринчи йиғилишини келгуси йили минтақадаги қадимий шаҳарлардан бири, немис-меннонитларининг катта жамоаси яшаган Хивада ўтказишга тайёрлигини билдирди.

2. Германиянинг етакчи компаниялари билан инвестицион ва технологик шериклик.

Давлат раҳбари Ўзбекистонда немис компаниялари иштирокида амалга оширилган ва истиқболли лойиҳалар умумий портфели 20 млрд евродан ошганини қайд этди. Улар энергетика, кимё, тоғ-кон саноати, машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишларини қамраб олади.

Президент Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия сармоявий ва технологик ҳамкорлигини кенгайтиришнинг йўл харитасини ишлаб чиқиш; чегара ҳудудларида яратилаётган алоҳида иқтисодий ва саноат зоналаридаги ҳамда минтақавий аҳамиятга эга йирик инфратузилма лойиҳаларни амалга оширишга етакчи немис компаниялари ва банкларини жалб этиш; доимий бизнес-мулоқот майдончаси — «Марказий Осиё ва Германия» инвестор ва тадбиркорлари кенгашини ишга тушириш кабиларни таклиф қилди.

У биринчи учрашувни келгуси йили Тошкент инвестиция форуми доирасида Ўзбекистонда ўтказишга тайёрлигини маълум қилди.

3. Германиянинг илғор билим ва технологияларини жорий этиш асосида муҳим хом-ашё ресурслари соҳасида шериклик.

«Минтақамиз фойдали қазилмаларга бой. Германия минерал ресурслар агентлиги ва немис компаниялари бу соҳада бизнинг муҳим шерикларимиз бўлиши мумкин. Бу ўринда гап геология разведкаси, жадал ўзлаштириш, қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига етказиб бериш лойиҳалари ҳақида бормоқда», — деди у.

Ўзбекистон қўшни мамлакатлардаги бундай лойиҳаларни биргаликда амалга оширишда иштирок этишга тайёр.

4. «Яшил» энергетика.

Ўзбекистон раҳбари сўнгги йилларда Марказий Осиёда қуёш, шамол, гидроэнергетика фаол ривожланмоқда, иссиқлик станциялари ва тармоқлари модернизация қилинаётгани, «яшил» водород лойиҳалари илгари сурилаётганини алоҳида таъкидлади.

«Энергетика вазирликлари, корпорациялар, операторлар, илмий ташкилотлар, лойиҳа институтлари ва тармоқ экспертларини жалб этган ҳолда Марказий Осиё мамлакатларининг Германия билан Энергетик мулоқотини йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этамиз. Биз Германия техник кўмагини жалб этган ҳолда кам углеродли иқтисодиёт соҳасида мутахассисларимиз салоҳиятини ошириш комплекс дастурини тайёрлашдан манфаатдормиз», — деди Мирзиёев.

5. Иқлим ўзгаришларига биргаликда жавоб қайтариш.

Экспертлар прогнозига кўра, Марказий Осиё минтақаси глобал исиш оқибатларига ниҳоятда боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ўртача ҳароратнинг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баробар кўпроқ бўлмоқда.

Шавкат Мирзиёев «Яшил Марказий Осиё» дастурлари иккинчи доираси ишга туширилгани ва иқлим ўзгаришларига минтақанинг мослашувига кўмак учун немис томонига миннатдорлик билдирди.

«Биз Атроф муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш бўйича Марказий Осиё университети базасида қўшма таълим дастурлари ва илмий алмашувларни амалга оширишдан, сувдан оқилона фойдаланишда немис технологияларини жорий этиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, биохилма-хилликни сақлаш, мутахассис-экологларни тайёрлашда ҳамкорлик дастурларини қабул қилишдан манфаатдормиз», — деди у.

6. Транспорт йўлакларини ривожлантириш.

Президентнинг айтишича, транспорт коммуникацияларининг, жумладан, ер усти ва ҳаво ташувларининг заиф ривожланганлиги шериклигимизни чуқурлаштиришда энг катта тўсиқ бўлмоқда.

«Марказий Осиёни Европа билан боғловчи муқобил транспорт йўлакларини ривожлантиришга Европа институтларини жалб этишда Германия кўмагига таянамиз. Келгуси йили ушбу йўналишлар транзит салоҳиятини ошириш йўлларини излаш бўйича вазирлар қўшма конференциясини ўтказишни таклиф этамиз», — деди Мирзиёев.

Президент яна нималар ҳақида гапирди?

Ўзбекистон раҳбари маданий тадбирларни ўтказиш бўйича қўшма режа қабул қилиш тарафдори эканини таъкидлаб, Германиянинг йирик шаҳарларида Марказий Осиё санъати ва киноси кунларини ўтказиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Унинг таъкидлашича, ўтган йили Берлин янги музейида минтақа маданий-тарихий меросига бағишлаб ўтказилган кўргазма бундай тадбирларни доимий ташкил этиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлаган. Кўргазмага бир неча ой давомида миллиондан ортиқ Германия пойтахти аҳолиси ва меҳмонлари ташриф буюрган.

«Илмий-маърифий алмашувлар соҳасида етакчи олийгоҳлар шериклиги учун платформани ишга тушириш, Гёте институти ва Германиянинг бошқа ташкилотлари немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш муҳим, деб ҳисоблаймиз. Шу ёзда Гёттинген шаҳрида ўтган Бутунжаҳон олимпиадасида ўзбекистонлик мактаб ўқувчиларининг ғалаба қозонгани ҳам ёшларимизнинг немис тилини ўрганишга бўлган юксак қизиқишига ёрқин мисолдир», — дея қўшимча қилди президент.

Ўзбекистон терроризм ва экстремизм, кибержиноятчиликка қарши кураш, ёшларнинг радикаллашувининг олдини олиш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришни муҳим деб билади, дея таъкидлади президент.

«Марказий Осиёдаги хавфсизлик соҳасидаги вазият Афғонистонда рўй бераётган жараёнлар билан узвий боғлиқдир. Ўз муаммолари билан деярли якка ўзи қолган ушбу мамлакатда гуманитар инқирознинг чуқурлашиб кетишига йўл қўймаслик муҳим, деб ҳисоблаймиз», — деди Ўзбекистон раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон Германия ва Европадаги бошқа шериклар билан ушбу мамлакатни минтақавий иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш, Термиздаги таълим марказида кадрлар, жумладан, хотин-қизларни, Афғонистон тинч ҳаёти учун зарур бўлган мутахассисларни тайёрлаш йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр.

«Сўзимнинг ниҳоясида шуни алоҳида таъкидламоқчиман, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақаси билан Германия кўп қиррали ҳамкорлик салоҳиятини янада тўлиқроқ рўёбга чиқаришдан манфаатдордир», — деди президент.