Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида 41 ёшли шахс 2,9 млрд сўмлик ноқонуний дори воситаларни уйида сақлаб келаётгани аниқланди. Мазкур шахс Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа орган ходимлари ўтказган рейд тадбирида маълум бўлди, дея хабар бермоқда Telegram`даги Xavfsizlik канали.

Маълум бўлишича, фуқаро 64 452 дона дори воситаларини уйида келгусида сотиш мақсадида сақлаб келган. Баҳолаш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ хулосасига кўра, мазкур дори воситаларининг умумий қиймати 2 млрд 908 млн 608 минг сўмни ташкил қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» ДМ экспертиза текшируви хулосаси билан ушбу дориларнинг айрим турларига нисбатан мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмаганлиги, айримлари эса сифатсиз ва яроқсиз ҳолатда эканлиги маълум бўлди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 186−3-моддаси 3-қисми «а» банди (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини… сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Агар унинг айби тасдиқланса, фуқаро беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.