2023 йилнинг апрель ойида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туман қишлоқларидан бирига адашиб келиб қолган Тянь-Шан қўнғир айиғи ўлдирилганди. Ўшанда жониворни ҳаракатсизлантириб, табиатга қайтариш режалаштирилганига қарамай, ҳайвон одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида отиб юборилгани ортидан Бош прокуратура ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатганди.

18 сентябрь куни АОКАда ўтган матбуот анжуманида Экология вазирлигининг Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бошқармаси бошлиғи Абдурашид Садиков жиноят иши натижалари ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидлашича, ўша вақтда қўзғатилган иш бўйича ўтган тергов ишларида жиноят аломатлари аниқланмаган ва иш ёпилган.

айиқ, экологик назорат инспекцияси, экология вазирлиги, ҳайвонот олами

Фото: Абдурашид Садиков.

«[Айиқнинг] отиб ўлдирилгани аянчли ҳол. Ўша вақтда ҳайвонни ухлатиб қўйиб, кейин табиатга қўйиб юбориш катта мақсадимиз бўлган. Лекин, Тошкентдаги ҳайвонот боғидан мутахассислар Қашқадарёга кириб келганда айиқ ташқарига чиқишга ҳаракат қилгач, комиссия қарори билан айиқни ўлдиришга қарор қилинади. Ҳолат бўйича Бош прокуратура ўша вақтда иш қўзғатган ва олиб борилган тергов ишларида жиноят аломатлари аниқланмагандан кейин тегишли моддалар билан иш ёпилди», — дея ҳолатга изоҳ берди у.

Эслатиб ўтамиз, айиқ воқеасида гумондорлар Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми «г» бандига кўра (Тақиқланган қуролларни ёки воситаларни қўллаган ҳолда ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) терговга жалб қилинганди. Бу ҳолат БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлиши мумкин эди.

Абдурашид Садиковнинг сўзларига кўра, ушбу ҳолат масъулларга ёввойи ҳайвонларни инсон омилига яқин келишининг олдини олиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилишига туртки бўлган. Бунда ҳар бир инсонлар яшайдиган жойга ҳайвоннинг келиб қолиши сабабини, унга қўйилган чоралар, вазиятга қайси вазирлик масъуллиги белгиланган, деди у.

Тадбирда шунингдек, вазирликнинг Экологик назорат инспекцияси бош мутахассиси Лазизбек Хасанов 2024 йилда ҳайвонот дунёсига етказилган зарарлар ҳақида сўзлади.

айиқ, экологик назорат инспекцияси, экология вазирлиги, ҳайвонот олами

Фото: Лазизбек Хасанов.

«Экологик назорат соҳасида 2024 йилда 32 мингта ҳолат аниқланган. Бунинг ичида ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш соҳасида аниқланган ҳуқуқбузарликларнинг сони 360 тани ташкил қилади. Белгиланган жарималар миқдори эса 1 млрд сўмдан кўп. Айнан ҳайвонот дунёсига етказилган зарарнинг миқдори эса 115 млн сўмни ташкил қилади», — деди мутахассис.