Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши билан боғлиқ навбатдаги ҳолатларни аниқлади.

Хусусан, «Микрокредитбанк», «Бизнесни ривожлантириш банки» ҳамда «Туронбанк» ва уларнинг тизим ташкилотлари ўрганилганда уларнинг 148 нафар бошқарув ходими 155 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётгани аниқланди.

  • «Микрокредитбанк»нинг 94 нафар бошқарув ходими 96 та тадбиркорлик субъектида;
  • «Бизнесни ривожлантириш банки»нинг 41 нафар бошқарув ходими 46 та тадбиркорлик субъектида;
  • «Туронбанк»нинг 13 нафар бошқарув ходими 13 та тадбиркорлик субъектида таъсисчи сифатида рўйхатдан ўтган.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича агентлик томонидан мазкур банкларга тақдимномалар киритилди. Банклар тақдимномаларни танқидий муҳокама қилиб, тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик қилаётган ходимларга нисбатан огоҳлантириш хатлари бермоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошида агентлик Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликларидаги 398 нафар бошқарув ходими тадбиркорлик билан шуғулланганини аниқлаганди. Шунингдек, Транспорт, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Маданият вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотларида тадбиркорлик қилиб келган яна 107 нафар бошқарув ходимларига огоҳлантириш хатлари берилган.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига асосан давлат органлари (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунчиликда ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Шу билан бирга, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар ўрнатилган.