13 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси пахта хомашёси етиштирувчиларини молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

2024 йил ҳосили йиғим-терим даврида жаҳон бозоридаги пахта толасининг шаклланган фьючерс котировкалари бўйича пахта хомашёсининг бошланғич фьючерс нархлари бир тоннаси учун қарийб 6 млн 800 минг сўмни ташкил этади. Шу муносабат билан, биринчи нав иккинчи синф бир тонна пахта хомашёсининг бошланғич фьючерс нархи 7,8 млн сўм (йил бошидан) деб эълон қилинди.

Фьючерс шартномалари — биржа товарини етказиб беришни ёки биржа товарини етказиб бермаган ҳолда шартнома тарафлари ўртасида ҳисоб-китоблар амалга оширилишини назарда тутадиган, келгусида бажариш мажбурияти билан тузиладиган ҳосила молиявий воситаларнинг олди-сотди шартномалари.

Жаҳон бозорида пахта толасининг нархлари кескин пасайиб кетгани шароитида ҳукумат ишлаб чиқарувчилар ва кластерларни қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидаги чораларни киритди:

  • пахта етиштирувчилар томонидан биржа савдолари орқали реализация қилинган бир тонна пахта хомашёси учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 млн сўм миқдорида субсидия ажратилади (пахта-тўқимачилик корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган пахта хомашёси ва пахта чигити бундан мустасно);
  • пахта хомашёсининг сотиш нархи 6,8 млн сўмдан кам бўлмаслигини инобатга олган ҳолда 2024 йил учун пахта етиштирувчилар ва қайта ишловчилар ўртасида биржа савдоларида тузилган шартномалар бўйича қўшимча келишув тузилади;
  • 2024 йил ҳосилидан фьючерс шартномаларидан ташқари пахта хомашёсини биржа савдоларига чиқаришда унинг бошланғич нархини бир тоннаси учун 6,8 млн сўмдан кам бўлмаган миқдорида эълон қилинади;
  • 2024 йилда барча ҳудудларда пахта териш машиналари томонидан терилган ҳар бир тонна пахта хомашёсини йиғиб-териб олиш хизмати баҳосининг 20 фоизи, бироқ 250 минг сўмдан ошмаган қисми жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Мазкур қарор доирасида ажратилган субсидия биринчи навбатда пахта етиштирувчиларнинг 2024 йил ҳосили пахта хомашёсини етиштириш учун олган имтиёзли кредитлар бўйича қарздорлигини сўндиришга йўналтирилади. Бунда имтиёзли кредитлар бўйича қарздорликни сўндириш учун тўланган маблағлар тижорат банкларининг жамғарма олдидаги қарздорлигини қоплашга йўналтирилади.

Имтиёзли кредитлар бўйича қарздорлик қоплангандан сўнг, субсидия солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни қоплашга, қолган маблағлар пахта етиштирувчиларнинг асосий ҳисобварағига ўтказиб берилади. Яъни фермерлар бу маблағларни тўғридан-тўғри тасарруф эта олмайди.

Ушбу қарорга мувофиқ субсидия тўлаш учун ажратиладиган маблағларнинг ҳисобварақлардаги дебет айланмасидан банк хизматлари учун ҳақ ундирилмайди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг мазкур қарор доирасида юзага келадиган қўшимча харажатларини қоплаш учун жамғармага давлат бюджетидан 5 йил муддатга 3,5 трлн сўмгача фоизсиз бюджет ссудаси ажратади.

Мазкур жамғарма маблағларидан ҳукуматнинг 2024 йил 25 июлдаги қарори доирасида тўқимачилик кластерлари билан шартнома тузган (фьючерс, спот ёки вақтинча сақлаш) фермер хўжаликларига имтиёзли кредитлар беришга, шунингдек, ўз томорқасида пахта хомашёси етиштирувчи фермер хўжаликларига ҳосилни йиғиб олиш харажатларини молиялаштириш учун рухсат берилди.

Имтиёзли кредитлар 10 ой муддатга йиллик 10 фоиз ставкада (2 фоизли банк маржаси) пахта қийматининг 20 фоизи миқдорида 3 ойлик имтиёзли давр ва сўнгги 7 ойда тенг улушларда қайтариш шарти билан ажратилади.

Давлат молиявий назорат инспекцияси ажратилган субсидиялар ҳисоб-китобларининг тўғрилиги ва мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатади.

Ҳукумат пахта хомашёси нархини белгилаш жараёнига давлат органлари, жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг аралашувини қатъиян ман қилди.

Пахта нархи қандай шаклланади?

Кўп йиллар давомида давлат пахтанинг энг кам сотиб олиш нархини белгилаб келган, бу одатда жаҳон нархидан паст бўлган. Бироқ 2023 йилда пахта хомашёсининг ички ва жаҳон нархлари ўртасидаги катта фарқ туфайли кластерларга 6 трлн сўм (500 млн долларга яқин) зарар етган. 2022 йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда етиштириладиган ўрта турдаги пахта хомашёсининг минимал харид нархи 1 кг учун 10 025 сўм этиб белгилаган.

Ўтган йилнинг октябрь ойида президент қишлоқ хўжалигида ёндашувларни ўзгартириш, тўғри сабоқлар чиқариш зарурлигини айтган эди.

Президентнинг 2023 йил 12 декабрдаги фармони билан 2024 йил ҳосилидан бошлаб фермерларга қисман эркинлик берилди. Пахта хомашёсини етиштирувчи хўжаликлар ва кластерлар ўртасида хомашё етказиб бериш бўйича фьючерс шартномалари тупроқ ҳосилдорлиги нормативлари доирасида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг «пахта хомашёси секцияси»да ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказиладиган савдолар натижаларига кўра тузилади.

Фермерлар фьючерс шартномасига мувофиқ етказиб берилиши лозим бўлган ҳажмдан ортиқча етиштирилган хомашёни, шунингдек, мазкур хомашёдан тайёрланган бирламчи ва иккиламчи маҳсулотларни бевосита фьючерс шартномаси тузилган кластер, шунингдек, биржадаги исталган бошқа субъектга сота олади.

Бошланғич нарх пахта толасининг Нью-Йорк фонд биржасидаги охирги 12 ойдаги ўртача нархидан келиб чиқиб белгиланиши керак.

Мустақил иқтисодчи Юлий Юсупов «Anhor.uz»га учун ёзган мақоласида ҳукумат 7,8 млн сўм миқдоридаги «тавсия этилган нарх«ни белгилашда (фьючерслар февраль-март ойларида тузилган) ўша даврдаги мавсумий юқори нархларга асосланганини айтган, бу пайтда тренд кўтарилувчи эди.

Кузга келиб, Нью-Йорк фонд биржасида нарх тушиб кетди ва энди қайта ҳисоблаш усулига кўра, 1 кг учун 6000 сўм чегарасига яқинлашмоқда. Қўшни Қозоғистонда пахтани ундан ҳам арзонроқ сотиб олиш мумкин.

«Тўқимачилик фабрикаларига жаҳон бозоридан сотиб олиш фойдалироқ. Акс ҳолда, улар хомашёни арзонроқ сотиб олганлар билан шунчаки рақобатлаша олмайди. Қолаверса, 2024 йилдан бошлаб пахта етиштириш учун зарур бўлган ресурсларни сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар ва турли субсидиялардан маҳрум бўлишган (энди фермерлар уларни тўғридан-тўғри олади). Булар эса кўплаб кластерлар учун яхши ёрдам эди», — деди у.

Натижада кластерлар фермерларга пахтани арзонроқ нархда сотишга рози бўлишлари учун босим ўтказа бошлайди, дейди муаллиф.

Фермерлардан бири 13 сентябрь куни кластер билан йил бошида тузилган шартномага кўра пахта сотиб олиш нархи 7800 сўм бўлган бўлса, ҳозир 1 кгни 6000 сўмдан таклиф қилаётганидан шикоят қилди.

Баъзи кластерлар жарима тўлашга тайёр (10 фоиз), лекин пахтани ноқулай нархда сотиб олишга рози эмас, дея қайд этди Юлий Юсупов.

Шартнома шартларини қайта кўриб чиқиш фермерлар зараригами?

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг айтишича, «жаҳон бозорида пахта нархининг пасайиши» сабабли қиш фаслида тузилган фьючерс шартномалари фермерлар зарарига қайта кўриб чиқилмоқда, кластерлар эса бюджетдан молиявий ёрдам олишмоқда.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон пахтаси бир неча йилдан буён ташқи бозорга чиқарилмаган.

«Яъни, Ўзбекистонда етиштирилаётган пахта глобал пахта бозорининг иштирокчиси эмас, табиийки, унинг нархлари ўзбек пахтасига қаерда жисмоний талаб бўлса, ўша жойда шаклланиши керак. Яъни Ўзбекистоннинг ичида», — дейди у.

Бугунги кунда Ўзбекистонда пахта нархи шаклланишига глобал пахта бозоридаги нархлар ҳақидаги ахборотлар билвосита таъсир ўтказади.

«Лекин глобал пахта бозори иштирокчиларидан очиқ бозорга пахтасини олиб чиқадиган Миср, АҚШ ва Австралиядан Ўзбекистонга пахта келтириш қанчага тушади? Бож умуман йўқ, деб тасаввур қилганимизда ҳам? Эътибор қилингки, пахта ҳажмига нисбатан транспортировкаси жуда қиммат товар. Ва шунинг учун ҳам, айтайлик, кластерларимиз ҳатто қўшниларимиз Қирғизистон ва Тожикистондан пахта импорт қилишга шошилишаётгани йўқ», — деди эксперт.

Унинг фикрича, хомашё пахта нархларининг «ўйнаб» туриши нормал ва фойдали ҳолат ўлароқ қабул қилиниши керак.

«Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва сотиб олувчилар томонларнинг рискларига мувофиқ ва тақсимлаган ҳолатда фюьчерс битимлари тузишади. Ўзингиз ўйланг, агарда февралда пахта 8 минг сўм эмас, 6 минг сўм бўлганида биронта фермер ўз ихтиёри билан риск қилиб пахта экармиди? Кластер кузда оладиган пахтаси 8 минг сўм бўлишини кеча эмас, февралда билган-ку, ўз ихтиёри билан шартнома тузган-ку!», — деди Бакиров.

Davletovuz блоги муаллифи, журналист Қобил Хидировнинг айтишича, ҳукумат қарори фермерлар томонидан салбий қабул қилинганини уларнинг ижтимоий тармоқлардаги, турли пабликлардаги фикрларидан ҳам билса бўлади. Сабаби «томдан тараша тушгандек мавсум арафасида пайдо бўлиб қолган ҳужжат тарқоқ ва ҳимоясиз фермерларни эмас, кўпроқ маҳаллий ва марказий ҳокимиятга қовушиб кетган кластерлар фойдасига қаратилган».

«Бу фьючерс нарх шаклланишини ва вазиятни манипуляция қилиб, фермерларнинг яна нонини туя қилишга уринишдан бошқа нарса эмас. Кластерларга ёрдам фермерларнинг чўнтаги, режа-мақсадлари ҳисобидан амалга оширилмаслиги лозим. Пахтанинг фьючерс нархи тушмаганда, балки кўтарилганда фермерга шартномани қайта тузишга ҳеч ким ҳужжат чиқариб бермасди-ку!», — деди у.

Муаллифнинг таъкидлашича, ҳукумат «энг қуйида энг катта иш берувчи, ишлаб чиқарувчи» бўлган фермерларнинг ҳам фикрини эшитиши лозим. «Қарор эса бир томонлама ёндашув асосида чиқарилган».

«Айрим амалдорларнинг манипулятив ўйинлари фермерни хонавайрон қилмасин», — деди у.

Таъкидлаш жоизки, ҳужжат жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмаган ва ихтисослашган гуруҳларда фермерлар ҳукумат қароридан боши қотган. Уларда ҳужжат матни бўйича саволлар бор.

Уларнинг сўзларига кўра, кластерлар шартномаларни ўз фойдасига талқин қилиб, қишки шартномани қайта тузишни ва 1 кг учун нархни 1000 сўмга камайтиришни талаб қилишмоқда. Яъни, агар фермер ва кластер февраль ойида 7600 дан 8500 сўмгача фючерс шартномасини тузган бўлса (Сурхондарё ва Қашқадарёда пахта сифати юқори бўлгани учун нархлар баланд), энди нарх 7500 сўмни ташкил этади, 1000 сўм эса субсидия сифатида ажратилади, лекин бу маблағ кредитлар ва бошқа тўловларни тўлашга йўналтирилади.

Қолаверса, фьючерс шартномасидан ташқаридаги пахта ортиқчасини сотиш нархини чеклаш ҳақида хабарлар ҳам бор.

Фермерлар, шунингдек, пахтани қабул қилаётган кластерлар томонидан тўловлар кечикаётганини билдирган. Натижада фермер хўжаликларида пахта терувчиларни жалб қилиш ва уларга ҳақ тўлаш учун маблағ етарли эмас. Шу сабабли, айрим ҳудудларда ёлланган ишчилар паст нархда (1 кг учун 1300−1500 сўм, ўтган йили кўпроқ тўланарди) пахта теришдан бош тортишмоқда.

Ўтган йили пахта-тўқимачилик кластерлари фермер хўжаликлари билан кейинги йилги пахта хомашёсини етиштириш учун фьючерс шартномаларини 1 октябргача (2023 йилги ҳосил учун 2023 йил 1 февралгача) тузишлари керак эди. Отабек Бакиров шартномалар нархлар пасайгандан кейин тузилганини таъкидлаган.

Июль ойида президент пахта кластерлари учун кредит тўлаш муддати янги муддатга кечиктирилишини эълон қилган эди.

Ўшанда «Газета.uz»нинг тўқимачилик тармоғидаги суҳбатдошининг аниқлик киритишича, кластерлар фермерлардан ҳосилни сотиб олиш учун Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан (мамлакатнинг суверен жамғармаси) имтиёзли кредитлар олишган. Кредит миқдори ва фоизлари ошкор қилинмаган, чунки кредитлар ёпиқ ҳужжат асосида ажратилган. Бироқ кўплаб кластерлар қарзни ўз вақтида тўлай олишмаган ва муддатни узайтиришни сўрашган. Қарзни тўлаш муддати бир йилга узайтирилган, лекин бу вақт етарли бўлмаган. Тадбиркорлар яна муддати узайтирилишини, 2025 йил апрелгача вақт берилишини сўрашган, чунки уларга 2024 йилда хомашё сотиб олиш учун маблағ керак.

Август ойида тўқимачилик корхоналарига пахта хомашёсини харид қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратилди. Кредит миқдори пахта таннархининг 20 фоизигача, йиллик 10 фоиздан 10 ойгача бўлган.