Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) газ конида 17 сентябрь куни тушдан кейин яна водород сульфид сизиб чиқиши юз берди. Бу ҳақда «Газета.uz»га ҳудуддаги манбалар хабар берди.

Бизга келган маълумотга кўра, камида 4 киши вафот этган, аммо бу расмий манбалар томонидан тасдиқланмаганди.

18 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида эса Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев ҳолат оқибатида 2 нафар шахс вафот этганини билдирди.

«Ҳақиқатан, кеча сиз айтган ўша нохуш ҳолат бўйича, 2 нафар ўлгани бўйича, воқеа жойига вилоят прокурорининг ўзи чиққан. Ҳозирда терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деди у. Унинг қўшимча қилишича, вафот этганлардан ташқари, жароҳатланган фуқаролар ҳам мавжуд.

«Ўлим ҳолати бўлган. Икки нафар шахс ўлгани тўғрисидаги ҳолат бор. Яна тан жароҳати олинган ҳолатлар ҳам бор. Ҳозир терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Натижаси бўйича сизларга маълумот берилади», — деди Бош прокуратура ходими.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, бугун соат 18:00 да Бойсун тумани ҳокимлиги биносида мазкур вазият бўйича фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев ҳамда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокида брифинг бўлиб ўтади (эълон бир муддат ўтиб ўчириб юборилди).

Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрь куни Сурхондарёнинг Бойсун тумани Кўлқамиш маҳалласи ҳудудида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конига қарашли 604-сон қудуқда бурғилаш ишларини олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши бошланган эди.

2 сентябрга ўтар кечаси ФВВ қудуқ яқинидаги аҳоли эвакуация қилингани, вазият тўлиқ назоратга олингани, ваҳимага ўрин йўқлиги ҳақида баёнот берди. Шунингдек, президент топшириғига асосан воқеа жойига бир гуруҳ масъуллар, хусусан, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов етиб борди.

Бахтсиз ҳодисани бартараф этиш ишлари икки ҳафта давом этди. 15 сентябрь куни соат 16:50 да сизиб чиқиш тўхтатилди. Бурғилаш ишларини олиб бораётган Eriell компаниясининг маълум қилишича, қудуқ герметикланган ва сўндирилган.

Ҳодисадан кейин яқин атрофдаги Кофрун қишлоғи аҳолиси эвакуация қилинган. Одамлар водород сульфидининг кучли ҳиди ҳақида хабар берган ва бош оғриғи ва кўнгил айнишидан шикоят қилганди. Реактив самолётни эслатувчи чиқаётган газ овози бир неча километр узоқликда эшитилган.

Eriell’нинг таъкидлашича, «ҳодиса оқибатларини бартараф этиш давомида аҳоли учун ҳеч қандай хавф бўлмаган». «Атрофда жойлашган аҳоли пунктларида ҳаво муҳитини ўлчаш ва мониторинг қилиш учун махсус постлар ўрнатилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, атмосферада зарарли моддаларнинг рухсат этилган максимал концентрациясидан ошиб кетиш ҳолатлари кузатилмаяпти», — дейилади компания хабарида.

Лойиҳа технологиясида таъкидланишича, Бойсун газни қайта ишлаш мажмуасининг ўзига хослиги қазиб олинган хомашё (газ) таркибидаги кислотали компонентлар — водород сульфиди (H2С, улуши 5,5 фоиз, метан улуши 83,85 фоиз) ва карбонат ангидрид (CО2, улуши 8,3 фоиз), кучли коррозий аралашмалар, маълум шароитларда пўлат қувурлари ва улар билан алоқада бўлган асбоб-ускуналарга жиддий хавф туғдирадиган, шикастланиши ва/ёки йўқ қилиниши атроф-муҳитнинг ифлосланиши, маҳсулот йўқотилиши, моддий зарар ва бошқа салбий оқибатларга эга.

Водород сульфид — бевосита асаб тизимига таъсир қилувчи заҳарли газ. У ҳид билиш нервини фалаж қилиш хусусиятига эга, бунинг оқибатида одам бу газнинг ҳидини сезмай қолади. Бу кўпинча токсик манба билан алоқани ўз вақтида аниқлаш ва тўхтатиш қобилиятининг йўқлиги туфайли кучли заҳарланишга олиб келади. Кам миқдордаги водород сулфиди бўлган ҳаводан нафас олиш бош айланиши, бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилишга, юқори концентрация эса кома, тутқаноқ, ўпка шиши ва ўлимга олиб келиши мумкин.

«Газета.uz» ҳолат, ҳудуддаги вазият, унинг эҳтимолий юзага келиш сабаблари, шунингдек, лойиҳа ва уни амалга оширишда иштирок этган компаниялар ҳақида батафсил ёзганди.