18 сентябрь куни «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида юз берган техноген ҳодиса юзасидан брифинг бўлиб ўтди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги.

Коннинг ўзида бўлиб ўтган брифингда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва фвқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев иштирок этди.

Аввалроқ кондаги аварияда 4 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Вазирликнинг маълум қилишича, бундан ташқари, яна 11 нафар фуқаро жароҳат олиб, шифохонага юборилган. Шу куннинг ўзида уларнинг 10 нафарига уйига жавоб берилган.

Айни пайтда бу ерга тегишли ташкилотлар мутахассислари томонидан барча зарурий ишлар олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

«Нега бу ҳодиса яна такрорланди?», деган саволга жавобан Жўрабек Мирзамаҳмудов бу мазкур коннинг географик жойлашуви ва ўзига хос хусусиятлари билан бевосита боғлиқлигини айтди.

Хусусан, «Мустақилликнинг 25 йиллиги» кони маъмурий жиҳатдан Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашган бўлиб, Бойсун шаҳридан 20 километр жануби-шарқда.

Географик жиҳатдан ҳудуд тоғолди-адир рельефидир. Рельефнинг мутлақ баландлиги денгиз сатҳидан 1000 метрни ташкил этади.