Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Vodiy Sanoat Faxri корхонасига нисбатан манипуляция ҳаракатларини содир этганлик бўйича тегишли таъсир чораси қўллади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.

Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси мониторингида Vodiy Sanoat Faxri МЧЖ 2023 йил август-декабрь ва 2024 йил февраль ойида 56 та ҳолатда 2 400 тоннадан зиёд 42.5 миллиард сўмга яқин пахта толаси маҳсулотини тасдиқланган муддатлар ва ҳажмларда биржа савдоларига қўймагани аниқланди. Аксинча, корхона маҳсулотни Sof Tex МЧЖга тўғридан-тўғри тузилган шартномаларга асосан сотган.

Шунингдек, ушбу маҳсулотнинг сотиш кунларидаги ва биржа савдоларида шаклланган ўртача биржа котировка нархлари таққосланганда, 3 та ҳолатда маҳсулот нархлари юқори қўллангани маълум бўлди. Бунда жами 152 миллион сўмга яқин миқдорда тафовут бўлган.

Бундан ташқари, кластер корхона томонидан жами 14 та ҳолатда турли навли 361 тонна пахта толаси нархлари биржа котировка нархларига нисбатан паст қўлланган. Оқибатда жами 1,3 миллиард сўм яқин фарқ аниқланди.

«Юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш ҳаракатлари манипуляция деб ҳисобланади», — қайд этди қўмита.

Махсус комиссия томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонун 29-моддаси ва Биржа савдоларида юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари бузилиши аломатлари билан Vodiy Sanoat Faxri МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланди.