Норвегиянинг Йўл ҳаракати бўйича ахборот кенгаши (OFV, Opplysningsrådet for veitrafikken) маълумотларига кўра, мамлакатда электромобиллар сони биринчи марта бензинли автомобиллар сонидан ошиб кетди. Бу ҳақда «Медуза» хабар берди.

Маълумотларга кўра, мамлакатда жами 2,8 миллион енгил автомобиль рўйхатдан ўтган. Шундан 754 303 таси электромобиллар, 753 905 таси эса бензинли автомобиллардир. Гибрид автомобиллар 366 мингга яқин, яна миллионга яқин дизель двигателли автомобиллар, аммо уларнинг сони камайиб бормоқда, деб таъкидлайди ташкилот.

«Бу — тарихий воқеа. Ўн йил олдин бундай муҳим воқеа содир бўлишини ҳеч ким кутмаганди. Енгил автомобиллар паркини электрлаштириш жадал суръатлар билан кечмоқда ва Норвегия енгил автомобиллар паркида электромобиллар устунлик қиладиган дунёдаги биринчи давлат бўлиш учун тезкор қадамлар ташламоқда», — деди OFV директори Ойвинд Сольберг Торсен.

Унинг прогнозларига кўра, 2026 йилга бориб мамлакатда электромобиллар сони ҳам дизелли автомобиллар сонидан ошиб кетади. 2024 йил август ойида Норвегияда сотилган 11 114 та автомобилнинг қарийб 94 фоизи электромобиль бўлган.

Норвегия ҳукумати ташаббуслари туфайли электромобилларга ўтиш жадал кечмоқда. Бунга сотув ва чиқинди солиқларидан озод қилиш, автотураргоҳ тўловларини камайтириш ва электромобиллар учун автобус йўлакларидан фойдаланишга рухсат бериш киради.