Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.

Қайд этилишича, ҳолат 17 сентябр куни соат 03:15 атрофида туманнинг «Шабнам» МФЙ ҳудудидан ўтувчи М41 автомобил йўлида содир бўлган.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган 20 ёшли фуқаро Nexia 2 машинасини «Денов-Сариосиё» йўналиши бўйлаб бошқариб келаётган вақтида қарама-қарши йўлдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган 19 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги «ВАЗ-2107» машинаси билан тўқнашган.

Ҳодиса жойидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, «Жигули» салонида бўлган 3 нафар йўловчи (ҳайдовчининг синфдошлари) вафот этган. Иккала автотранспорт воситасидаги қолган йўловчилар тан жароҳати олиб туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Сариосиё туман ИИБ тергов гуруҳи томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.