Ўзбекистон 2030 йилгача озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2 баробарга кўпайтириб, экспорт ва қўшилган қиймат даражасини 3 марта оширади. Бу ҳақда 5−6 сентябрь куни Тошкентда ўтказилган «Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари» мавзусидаги халқаро форумда бош вазир Абдулла Арипов сўз юритди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, бугунги кунда дунёдаги глобал иқлим ўзгариши сув танқислиги, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маҳсулотларни етказиб беришда логистика занжирининг бузилиши ва нархлар ўсишига олиб келмоқда. Бундан, энг аввало, ривожланаётган давлатлар кўпроқ жабр кўрмоқда.

Унинг БМТ маълумотларига таяниб айтишича, ҳозир дунёда 735 млн дан зиёд одам очликдан қийналмоқда. Агар тегишли чора-тадбирлар кўрилмаса, бу миқдор 2028 йилга бориб қарийб 1 млрд кишига етиши мумкин. «Ушбу таҳдидларга қарши туриш бевосита кўп қиррали шерикликка, биргаликдаги саъй-ҳаракатларга боғиқдир», — деди Арипов.

абдулла арипов, озиқ-овқат, форум

«Мамлакатлар ривожланишида ташқи савдо алоқалари ва логистиканинг аҳамияти беқиёс. Денгиз йўли бу борада энг равон бўлиб, маҳсулот нархи ва рақобатга таъсир қилувчи асосий омиллардан ҳисобланади. Ўзбекистон денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлардан биридир. Қолаверса, бунинг учун камида иккита давлат ҳудудидан ўтувчи Осиёдаги ягона давлатдир. Биз озиқ-овқат маҳсулотлари логистикаси ва савдосини тартибга соладиган қоидаларни соддалаштириш тарафдоримиз. Савдо йўллари очиқлиги ва хавфсизлигини таъминлаш давлатлараро муносабатларда ўзгармас тамойил бўлиб қолиши зарур. Бу борада юртимизниг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини жадаллаштириш учун самарали тадбирларни амалга оширяпмиз», — дея қўшимча қилди у.

Абдулла Ариповнинг сўзларига кўра, озиқ-овқатни кўпайтириш, қишлоқ аҳолисининг даромадини ошириш мақсадида сўнгги 3 йилда 250 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилган. Шунингдек, қўшимча 5 млн тоннадан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга эришилган.

«2017−2023 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторига халқаро молия институтларидан 2,5 млрд доллар инвестиция ва грант маблағлари жалб этилди. Натижада қарийб 51 минг нафар янги иш ўрни яратилди. Жорий йилда Тошкент шаҳрида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасининг минтақавий ваколатхонаси ташкил этилди», — деди Абдулла Арипов.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда мева-сабзавот, ғалла, гўшт ва сут етиштириш 2017 йилга нисбатан 1,5 баравар ошган. Қўшилган қийматни ошириш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва агрологистика бўйича янги қувватлар ишга туширилган.

«Мева-сабзовот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажми 2 млрд долларга етиб, 2017 йилга нисбатан 2 баробар кўпайди. Энг асосийси, қишлоқ ҳудудларида яшаётган аҳолининг даромади ошиб, турмуш тарзи яхшиланмоқда. Бу борадаги ислоҳотлар натижасини халқаро индексларда ҳам кўриш мумкин. Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги индекси бўйича баҳолаш рейтингида Ўзбекистон 12 поғонага кўтарилди. Бундан ташқари, 2023 йил учун эълон қилинган глобал очлик индексида Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини яхшилаб, 125 та мамлакат ичида 21- ўринни эгаллади», — деди у.

абдулла арипов, озиқ-овқат, форум

Фото: Бош вазир матбуот котиби

Маълумот учун, ушбу форумнинг очилиш маросимида ФАО бош директори Цюй Дунъюй, БМТнинг энг кам ривожланган ва денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича олий вакили Рабаб Фатима, Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войцеховский ҳам қатнашди. Шунингдек, 30 дан ортиқ давлатдан вакиллар, халқаро молия ташкилотлари, илмий доиралар, хорижий экспертлар ва хусусий сектор раҳбарлари иштирок этди.