2050 йилга бориб 39 миллиондан ортиқ одам антибиотикларга чидамли бактериялар (супербактериялар) келтириб чиқарадиган инфекциялардан ўлиши мумкин, деб ёзади The Washington Post Lancet журналида чоп этилган тадқиқотга таяниб. Бу антимикробларга чидамлилик (antimicrobial resistance, AMR) тенденцияларининг биринчи глобал таҳлили ҳисобланади.
Тадқиқот муаллифлари антимикробларга чидамлилик (antimicrobial resistance, AMR) туфайли аср ўрталарига келиб ўлим даражаси қарийб 70 фоизга ошишини прогноз қилмоқда. Кекса одамлар, айниқса, хавф остида.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таъкидлашича, АМР таҳдиди нафақат кенг тарқалган инфекцияларни даволашни қийинлаштиради, балки кимётерапия ва кесарча каби тиббий аралашувларни ҳам хавфли қилади.
Тадқиқот доирасида олимлар 204 та мамлакатнинг 1990 йилдан 2021 йилгача бўлган даврдаги маълумотларини таҳлил қилиб, 2050 йилгача бўлган вазиятни моделлаштирди. Прогнозларга кўра, антимикробларга чидамлилик туфайли ўлимнинг йиллик сони 2021 йилдаги 1,14 миллиондан 2050 йилда 1,91 миллионга кўпаяди. АМР, шунингдек, йилига бевосита 8,2 миллион ўлимга олиб келади.
Бундан ташқари, олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 11,8 миллион ўлим, яъни прогноз қилинган 39 миллион ўлимнинг 30 фоизи Жанубий Осиёда содир бўлади. Жанубий Африка минтақаларида ҳам АМР’дан кўп сонли ўлимлар кузатилади.
«Биз антибиотикларнинг ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши ёки нотўғри қўлланиши бактерияларнинг вақт ўтиши билан уларга нисбатан чидамлилиги ошишига сабаб бўлаётганини тобора кўпроқ кузатяпмиз», — деди тадқиқотнинг етакчи муаллифи ва Калифорния университети профессори Кевин Икута.
Олимлар антибиотиклардан оқилона фойдаланишга, дори воситаларидан фойдаланиш имкониятини яхшилашга ва улардан ортиқча фойдаланишни чеклашга чақирмоқда. Тадқиқотчилар тоза сув ва вакциналардан фойдаланиш имкониятини ошириш, шунингдек, янги антибиотикларни ишлаб чиқиш тарафдори.