Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Сурхондарё вилояти Бойсун туманида қайта содир бўлган аварияда ҳалок бўлган фуқароларнинг оилалари пудратчи ташкилот қарамоғига олинишини маълум қилди. Бу ҳақда Kun.uz хабар қилди.

«Кўпчилик нефти-газ соҳасида ходимлар баланд ойлик олишини айтади. Аввал келиб ходимлар нақадар оғир шароитда ишлашини кўриш керак. Бахтсиз ҳодиса бўлганида компенсация бериш тегишли меҳнат шартномаларида ҳам бор», — деди вазир.

«Кўзда тутилган компенсациялардан ташқари ҳалок бўлганларнинг оилалари қарамоғини пудратчи ташкилот тўлиқ ўз бўйнига олди. Бундан ташқари, пудратчи ташкилот уларнинг фарзандларини вояга етказиб, ўқитиб, компанияда кафолатланган иш билан таъминлашгача зиммасига олган», — дея маълум қилди Мирзамаҳмудов.

Эслатиб ўтамиз, Бойсундаги газ конида содир бўлган янги авария оқибатида 4 киши ҳалок бўлгани, 11 киши жароҳатлангани тасдиқланганди. Вазир Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳолатга «коннинг географик жойлашуви ва ўзига хос хусусиятлари»ни сабаб қилиб кўрсатганди.