Бухорода тадбиркорнинг биносидан фойдаланишга рухсатнома олиб беришни ваъда қилган кадастр муҳандиси ушланди, деб хабар берди Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Ташкилотнинг Бухоро шаҳри бўлими ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Кадастрлар палатаси Қоровулбозор тумани филиали етакчи муҳандиси М.С. ушланган.

Аниқланишича, у фуқаро А.Х.нинг ишончига кириб, тумандаги «Бўзачи» МФЙ ҳудудида жойлашган тадбиркор Ж.С.га тегишли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш объекти биносини Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтказиш ва фойдаланиш учун рухсатнома олиб беришни ваъда қилган. У хизмати эвазига 3000 доллар олган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (Фирибгарлик) 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.