18 сентябрь куни Будапештда ўтаётган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг еттинчи турида эркаклар ва аёллардан иборат Ўзбекистон терма жамоаларининг иккиси ҳам ғалаба қозонди.

Эркаклар терма жамоаси вакиллари (ўртача рейтинг — 2690, старт рақами — 4) асосий учрашувлардан бирида Украина билан тўқнаш келди.

шахмат, шахмат олимпиадаси, гулруҳбегим тоҳиржонова

Ўша куни 20 ёшни қаршилаган Нодирбек Абдусатторов сицилияча ҳимоя усулида рақиби Андрей Волокитинни мағлуб этди (партия).

«Бу ерда кўп нарса дебют ҳаракатнинг ўзида ҳал бўлди. Нодирбек бу ҳақда ўйлашни бошлаганида 23-ҳаракатини амалга ошираётганди — унинг тайёргарлиги шунча узоққа чўзилди! Қора доналар эса вақт бўйича бир соатдан кўпроқ орқада қолишди, бу эса муқаррар равишда вақт танқислиги ва хатога олиб келди. Созин ҳужумининг жуда кам учрайдиган тури ўйналди, Волокитин бунга тайёр эмас эди», — дейилади Chess Now Telegram каналидаги постда.

Шамсиддин Воҳидов Антон Коробов билан тенгма-тенг ўйинда дуранг қайд этди, Жавоҳир Синдаров эса собиқ жаҳон чемпиони (2002−2004), шахмат олимпиадаларининг икки карра ғолиби Руслан Пономаревни таслим бўлишга мажбур қилди.

Украиналик афсонавий шахматчи Василий Иванчукка қарши кечган ўйинда Нодирбек Ёқуббоев ўйиннинг ярмидан сўнг устунликка эришди, аммо рақибининг хатосидан унумли фойдалана олмади. Натижада томонлар дурангга рози бўлишди.

шахмат, шахмат олимпиадаси, гулруҳбегим тоҳиржонова

Якуний ҳисоб 3:1, Ўзбекистон фойдасига. Мамлакат биринчи ўринда бораётган ва Хитойни мағлуб этган Ҳиндистонни таъқиб этишда давом этмоқда.

Аёллар терма жамоаси Грецияни 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этган бўлса-да, Феруза Ҳамдамова турнирдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди.

шахмат, шахмат олимпиадаси, гулруҳбегим тоҳиржонова

Нодира Нодиржонова ушбу Олимпиадада миллий терма жамоа сафида энг кам ўйин ўтказган бўлса-да, доим очко олиб келмоқда. Бу сафар спортчи Харитомени Маркантонакини мағлуб этди — унда аллақачон учта ғалаба ва битта дуранг бор.

шахмат, шахмат олимпиадаси, гулруҳбегим тоҳиржонова

Умида Омонова Анастасия Аврамидуни мағлуб этди. Бу икки дуранг ва бир мағлубиятдан сўнг Ўзбекистон вакилининг тўртинчи ғалабаси бўлди.

Малика Маржонова Екатерина Павлиду билан дуранг ўйнади, Афруза Ҳамдамова эса Ставрула Цолакидуга имкониятни бой бериб, турнирдаги илк мағлубиятини қабул қилди.

Эркаклар ўртасида фақат Ҳиндистон 14 очкодан 14 очко жамғармоқда. Кейинги ўринда олтита ғалаба ва бир дуранг билан Эрон, олтита ғалаба ва бир мағлубият билан Ўзбекистон терма жамоаси учинчи ўринда бормоқда. Венгрия, Арманистон ва Сербия терма жамоаларида эса 12 очкодан бор.

Айни пайтда аёллар ўртасида ҳам 14 очкодан 100 фоизлик натижага фақат Ҳиндистон жамоаси эга. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса 11 очко билан 11-ўринга кўтарилиб олди. Олдинда ҳали 4 та тур бор.

19 сентябрь куни бўлиб ўтадиган саккизинчи турда эркаклар терма жамоаси Сербияга, аёллар терма жамоаси эса АҚШга қарши баҳс олиб боради. Унда АҚШ терма жамоасидан ўзбекистонлик Гулруҳбегим Тоҳиржонова биринчи доскада ўйнайди. У 2020 йилда Америка жамоасида ўйнай бошлаганди ва АҚШга кетишига Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбари биринчи ўринбосарининг хатти-ҳаракатларини сабаб қилиб кўрсатганди.

Сўнгги 2022 йилги Олимпиадада Тоҳиржонова Ўзбекистонга қарши ўйнамаган, у бу сафар биринчи доскада Афруз Ҳамдамова билан тўқнаш келиши мумкин.