Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 17 сентябрдаги йиғилишида «Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Ҳужжат қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, кооперативга аъзолик, назорат, ташқи аудит, бошқарув, қайта ташкил этиш ва тугатиш, шунингдек, давлат ва кооперативлар ўртасидаги мулкий муносабатларни тартибга солиш масалаларини белгилайди.

Шунингдек, кичик ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат томонидан шарт-шароитлар яратиш, молиялаштиришни рағбатлантириш чораларини қўллаш масалалари ҳам назарда тутилган.

Қонунга кўра, қишлоқ хўжалиги кооперативи ихтиёрий равишда бирлашган жисмоний ва (ёки) юридик шахсларга улуш асосида тегишли бўлган ва уларни демократик тамойиллар асосида бошқарадиган, уларнинг моддий ва бошқа эҳтиёжларини қондириш мақсадида қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи мустақил тижорат ташкилоти ҳисобланади.

Аъзолик бадаллари талаб қилинади. Кооператив умумий йиғилиш натижаларига кўра қўшимча бадалларни ҳам киритиши мумкин.

Қонуннинг 45-моддасида кооперативлар нодавлат нотижорат ташкилотлари шаклида кооперативлар бирлашмаларига бирлашиши мумкинлиги белгилаб қўйилган бўлиб, улар ўз аъзоларининг доимий бадаллари, ихтиёрий мулкий бадаллар ва хайриялар, тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган ва устав фондида кўрсатилган мақсадларда фойдаланиладиган даромадлар ва кооперативлар томонидан кўрсатиладиган хизматлардан олинган маблағлар, давлат органлари ва халқаро ташкилотларнинг грантлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Парламент қуйи палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов бу нормага қарши чиқди. «Ўзи кооперативга аъзо бўладиган 200 та [фермер] бўладиган бўлса, битта кооператив тузяпти, битта ташкилот тузяпти. У ташкилотлар яна ташкилот тузар экан. Унга ҳам аъзолик бадали бор экан… Яъни эртага бу кооператив Ўзбекистонда 100 та бўладиган бўлса, яна уларнинг тепасидаги уюшма бўларкан-да, мунтазам равишда уларга пул туширар эканмиз. Яъни бу ерда яна бир янги тузилма пайдо бўлар экан… Нодавлат нотижорат деб айтолмаймиз, бу профессионал уюшмага ўхшаяпти».

Қонун фермерларга кооперативлар ташкил этиши учун қулайлик яратиш мақсадида ишлаб чиқилган, деди спикер.

«Энди сизлар республикада яна битта кооператив уюшма тузяпсизлар-да, ҳамманг аъзо бўласан, деяпсиз. Эртага улар Савдо-саноат палатасига мажбурий аъзо бўлиши керак. Деҳқон, фермер хўжаликларига ҳам аъзо бўлишига тўғри келади. Бечора фермер деҳқон, фермер хўжаликларига ўзи мажбурий аъзо, унга тўлайди. Энди бу кооперацияга кирадиган бўлса, унга тўлаши керак, у кооперацияси кейин кооперациялар уюшмасига тўлаши керак. Яъни мунтазам тушум ҳам бўлиши керак экан», — деди Нурдинжон Исмоилов.

«Ҳалиги адлиядан рўйхатдан ўтган уставга айтасизларки, ҳар ойда шунча ё ойда ё йилда шунча, дейсизлар. Энди ундан ташқари, ихтиёрий мулкий бадаллар ва хайриялар, чунки сизларда шунақа катта имкониятлар пайдо бўладики, халқаро грантлар оласизлар, бошқалар, ҳа, бўпти, мана, фойдангдан шунга бунча ташла, буни қил, буни қил, буни қил. Яъни буларнинг устидан тайёр вазирлик ташкил қиляпсизлар-да… Энди кооперативлар уюшмалари аъзолари томонидан кўрсатиладиган хизматлар. Энди ким хизмат кўрса, ундан ҳам сизларга „доля“ тўлаши керакми? Нима деяпсизлар ўзи? Бешинчи қисмни умуман олиб ташлайлик. Нима кераги бор бизларга?» — сўради спикер.

Унинг фикрича, кооперативлар ассоциациясини тузиш таклифи кооперативларни ривожлантиришга эмас, балки уларни «тўхтатиш»га қаратилган.

Нурдинжон Исмоиловнинг қайд этишича, кооперативлар, агар хоҳласалар, қонунда ушбу нормани акс эттирмаган ҳолда, ихтиёрий равишда уюшмалар тузишлари мумкин.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили халқаро тажрибага асосланиб, ушбу нормани ҳимоя қилишга ҳаракат қилди.

«Халқарони қўйинг бизга, — деб жавоб берди спикер. Кечириб қўясиз, халқарода қишлоқ хўжалиги муносабатлари умуман бошқача тузилган, оғайни… Энди-энди президентимиз ер ислоҳоти ўтказиб бердилар… Ҳозир ёзганингизни қаранг. Эртага бунга аъзо бўлган одам наф кўрадими ё фақат бадал тўлаб юрадими? Ўзи коорепативлар бирлашган нарса, оғайни, энди унинг устидан яна битта ташкилот тузяпсизлар. Сизлар ҳимоя қиладиган қилмаяпсизлар, улардан пул йиғадиган ташкилот қиляпсизлар».

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг яна бир вакили ушбу норма ассоциация келажакда асосан истеъмолчи, кредит ва қишлоқ хўжалиги турларидан иборат миллий, минтақавий бирлашмаларни ва кооператив федерацияларни кооперативларни бирлаштирган нодавлат халқаро ташкилот — Халқаро кооператив альянсга аъзо бўлиши учун киритилганини тушунтирди.

«Бу бизнинг кооперативларга маҳсулотини дунёнинг исталган давлатига тўғридан-тўғри экспорт қилиш имконини беради, тўғридан-тўғри халқаро молия институтларидан арзон маблағлар жалб қилишга ёрдам беради ва грантлар жалб қилишга эшигини очади», — деди у.

Палата спикери кооперативлар уюшмалар тузиши мумкин, лекин қонунда белгиланган шартларда эмас, деб жавоб берди.

Депутат Илҳом Абдуллаев Қонунчилик палатаси Спикерининг фикрига қўшилди.

«Биз бу кооперативларнинг қандайдир ташкилотга бирлашишини қонунда белгилаб қўйиб, уларнинг ҳуқуқларини бузяпмиз. Фақат бугина эмас, балки унинг ҳудудий бўлинмалари ҳам мавжуд. Яъни бу соҳада бундай уюшма аллақачон тузилган бўлса, иккинчисини яратиш мумкин эмаслиги маълум бўляпти. Гўё биз сунъий равишда кооперативлар вазирлигини тузаётгандекмиз», — деди у.

Маърузачи ушбу бўлимни олиб ташлаш ва кооперативларнинг ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун бирлашмаларга кириши мумкинлиги тўғрисида битта моддани ёзиш зарурлигини таъкидлади, уларнинг ташкил этилиши ННТларга оид қонунчилик билан тартибга солинади.

Депутатлар қонунни дарҳол иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилиб, тасдиқлаш учун Сенатга юборди.

Эслатиб ўтамиз, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, 2019 йил апрель ойидан бошлаб унга аъзо бўлиш мажбурий бўлган. Блогер Хушнудбек Худойбердиев ва собиқ депутат Расул Кушербаев бу тартиб ННТ ва жамоат бирлашмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид эканини, аъзолик ихтиёрий бўлиши кераклигини таъкидлаганди.