Ўзбекистон электрон ҳукуматларнинг ривожланиш даражаси буйича дунё мамлакатлари рейтингида 6 поғона юқорилади. БМТнинг янги сўрови (UN E-Government Survey, PDF) натижалари «Барқарор ривожланиш учун рақамли трансформацияни кучайтириш» номи остида эълон қилинди. Унда Ўзбекистон 193 давлат орасида 63-ўринни эгаллади.

Ўзбекистоннинг электрон ҳукуматнинг ривожланиш индекси (E-Government Development Index, EGDI) 0,79 ни (2022 йилда — 0,72) ташкил этди. Ушбу рейтинг пешқадами Дания бўлиб, унинг кўрсаткичи — 0,98. Осиё мамлакатлари орасида пешқадам Жанубий Корея, Сингапур, Саудия Арабистони — 0,96. Қозоғистон эса Марказий Осиё минтақасида пешқадамга айланган — 0,90 (2022 йилда — 0,86).

EGDI учта кичик индексдан иборат: телекоммуникация инфратузилмаси индекси, инсон капитали индекси ва онлайн хизматлар индекси. Ўзбекистонда бу кўрсаткичлар мос равишда 0,87, 0,75 ва 0,76 ни ташкил этди.

Жорий йилги ҳисоботга кўра, 23 та давлат жуда юқори EGDI гуруҳига ўтди. Осиёдаги 10 та: Арманистон, Озарбайжон, Бруней Даруссалом, Индонезия, Кувайт, Мўғулистон, Филиппин, Қатар, Вьетнам мамлакатлари ичида Ўзбекистон ҳам бор. Шунингдек, ушбу гуруҳга Америкадаги 3 та, Африкадаги 2 та, Европанинг 2 та давлати ҳам юқори даражадаги EGDI гуруҳидан жуда юқори гуруҳга ўтди. Бундан ташқари, Африкадаги 3 та, Осиёдаги 2 та, Океаниядаги 1 та давлат ўртадан юқори EGDI гуруҳига ўтди.

Ўзбекистоннинг электрон иштирок этиш индекси (E-Participation Index, EPI) бўйича кўрсаткичи 0,60 ни ташкил қилди.

Паст ва ўрта давромадли мамлакатлар орасида саккизта давлатнинг OSI кўрсаткичлари жуда юқори деб баҳоланди. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор ва мамлакат кўрсаткичи 0,76 ни ташкил этди. «Паст ва ўрта даромадли гуруҳ учун ўртача OSI қийматининг 8,6 фоизга ўсиши ушбу мамлакатлар онлайн хизматлар кўрсатишни яхшилаш учун ресурсларни тақсимлашга устувор аҳамият бераётганидан далолат беради», — дейилади ҳисоботда.

un e-gov survey, шерзод шерматов, электрон ҳукумат

Фото: Рақамли технологиялар вазирлиги

«Ўзбекистон рақамли трансформация орқали давлат хизматлари самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш тарафдори. 2019 йилда бошланган „Рақамли Ўзбекистон — 2030“ стратегиясида минтақавий тармоқларни рақамлаштириш, миллий ахборот тизимларини жорий этиш ва рақамли технологиялардан фойдаланишни рағбатлантириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Охирги ташаббуслар қаторига Uzum ва Click онлайн тўлов платформаларини бирлаштириш ва ягона рақамли ҳамжамият платформасини жорий этиш киради. Халқаро рақамли технологиялар маркази IT хизматлари экспортини оширишга қаратилган ҳамда қайта кўриб чиқилган қонунлар электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади», — дейилади БМТ ҳисоботида.

Қайд этиш керакки, электрон ҳукуматнинг ривожланиш даражаси шарҳи БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий ишлар департаменти томонидан ҳар икки йилда бир марта эълон қилинади. Бу БМТга аъзо барча давлатлар электрон ҳукуматларининг ривожланиш даражасини баҳолайдиган ягона глобал ҳисоботдир.

17−20 сентябрь кунлари Тошкентда ўтказилаётган «ICT Week Uzbekistan 2024» тадбири доирасида 18 сентябрь куни «Рақамли ҳукумат: истиқоболли режалар ва тўқислар» форуми бўлиб ўтди. Унда мамлакатдаги ўнга яқин вазирларнинг ўринбосарлари ва соҳа мутахассислари қатнашди. «Газета.uz» мухбирига кўра, тадбирда нутқ сўзлаган рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов БМТ индексида Ўзбекистоннинг 63-ўринни эгаллагани барча вазирликларнинг ютуғи эканини қайд этди.

«БМТнинг янги рейтингида мамлакатимиз 6 поғонага кўтарилди. 2022 йилда эса 18 поғонага кўтарилган эдик. Охирги тўрт йил ичида 24 поғонага юқориладик. Бу мана шу ерда ўтирганларнинг меҳнати, ҳамма 24 соат ишлайди, шанба, якшанба дам олиш куни ҳам демайди. Сизларнинг меҳнатингиз натижаси билан давлатимиз 24 та бошқа мамлакатга нисбатан яхшироқ ишлади, дегани. Бу, албатта, яхши тенденция. Лекин олдимизга жуда катта мақсад қўйилган: президентимиз 2030 йилгача Tоп-30 давлатлар қаторига чиқариш масаласини қўйган. Бу осон бўлмайди, бунинг учун жуда кўп ҳаракат қилишимиз керак. Чунки бошқа давлатлар ҳам ҳаракат қиляпти, улар ҳам олдинга чиқишга интилади. Хўш, биз қайси йўлдан қандай қилиб яхшироқ ҳаракат қилишимиз мумкин, деган масалани бугунги тадбирда очиқ-ойдин муҳокама қилиб олсак», — деди Шерзод Шерматов.

«Ушбу натижа „Рақамли Ўзбекистон — 2030“ стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларида 2025 йил учун белгиланган 0,75 қийматдан ҳам ошди», — дейди Шерматов ўзининг Telegram каналида.