Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги таклифлар тақдимоти билан танишди.

Ҳавони мусаффо сақлаш, экологик ҳодисаларнинг таъсирини камайтириш учун иккита дастур ишлаб чиқилган.

Биринчиси — Чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг оқибатларини юмшатиш бўйича 2024−2030 йилларга мўлжалланган миллий дастур. Бу ҳужжатда «Евро-4» стандартидан паст тоифадаги ёқилғини сотиш ва ундан фойдаланишни босқичма-босқич тўлиқ тақиқлаш назарда тутилади (президент 2025 йилдан бошлаб Аи-80 бензинидан воз кечиш бўйича кўрсатма берганди). Бунинг учун Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари юқори сифатли ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича модернизация қилинади.

Иккинчиси — Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури бўлиб, унга кўра, келгуси 5 йилда пойтахт ва унга туташ Тошкент вилояти туманларида 441 гектар «яшил белбоғ» ва боғлар ташкил қилинади.

Санитар тозалаш ишларини тартибга солиш мақсадида мавжуд марказ негизида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигини тузиш таклиф этилмоқда (январь ойида шу ном билан комиссия тузилган эди). Санитар тозалаш корхоналарининг самарадорлик кўрсаткичларига қараб, учта тоифага ажратган ҳолда рейтинг тизими жорий этиш режалаштирилган.

Янги қуриладиган, баландлиги 12 метрдан ёки умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган биноларни лойиҳалаштиришда унга туташ ҳудудларнинг камида 25 фоизини кўкаламзорлаштириш талаби қўйилади. Шунингдек, атроф-муҳитга зарари кўп саноат корхоналари ҳам «яшил белбоғ»лар ташкил этиш мажбуриятини олади. Бу талаблар президентнинг 2023 йил 23 ноябрдаги қарорида ўз ифодасини топган ва жорий йилнинг 1 мартидан кучга кириши керак эди.

Экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида фаол ва ташаббускор инсонларни рағбатлантириш учун «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог» фахрий унвонини таъсис этиш таклифи билдирилди.

Президент атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги Орхус конвенциясига қўшилиш масаласини кўриб чиқди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов.Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик бўйича модда киритиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, дарахтларни кесиш ва қасддан қуритиш, дарё ўзанларидан ноқонуний қум-шағал қазиб олиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш кабилар учун жарималарни ошириш ва қатъийлаштириш чоралари кўрилиши кўзда тутилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги қарори билан мамлакатда экологик маркировкалаш тизими жорий этилган. Энди ISO 14024 халқаро стандартига мувофиқ, маҳсулот ва хизматларни Yashil belgi номи остида ихтиёрий экологик маркировкалаш жорий этилади.

Бундан ташқари, 2 минг 336 та хўжалик юритувчи субъектларда автоматик мониторинг станциялари, чанг-газ тозалаш ускуналари ва сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш бўйича тармоқ жадвалларини тасдиқлаш кўзда тутилган.

Экология вазирлиги ҳузурида жамоатчилик назорати остида бошқариладиган ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган Яшил хайрия жамғармаси ташкил этилади. Электрон харид иловаларида «Яшил тўлов» ихтиёрий устама тури очилади. Бу жамғарма ва тўлов президентнинг ноябрдаги қарорида ҳам қайд этилганди.