ФИФА 19 сентябрь куни терма жамоалар рейтингини янгилади. Унга кўра Ўзбекистон миллий терма жамоаси 1 поғонага юқорилаб, 1403,06 очко билан 60-ўринда қайд этилди.

Миллий терма жамоа Осиёда Япония (16-ўрин, умумий рейтингда 2 поғонага юқорилади), Эрон (19, +1), Жанубий Корея (23), Австралия (25, -1), Қатар (44, -10), Ироқ (55) ва Саудия Арабистондан (56) кейин 8-ўринда бормоқда.

Ўзбекистон 18 июлдан то 19 сентябргача 15,65 ФИФА очколарини жамғарган. Бу даврда жамоа Жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқичи доирасида КХДРни 1:0, Қирғизистонни 2:3 ҳисобида мағлуб этди.

Рейтингни Аргентина, Франция ва Испания терма жамоалари бошқариб бормоқда. Кучли ўнликдан, шунингдек, Англия, Бразилия, Бельгия, Нидерландия, Португалия, Колумбия ва Италия жой олган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФА рейтингидаги энг юқори натижаси 45-ўрин бўлган. У бу ўринда 2006 йил 22 ноябрдан то 2007 йилнинг 14 февралгача бўлган. Энг паст натижаси эса 1996 йил ноябрь ойида қайд этилган — 119-ўрин.