18 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Франциядаги янги элчиси Нодир Ганиев мамлакат президенти Эммануэль Макронга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Франция етакчисига Ўзбекистон элчиси билан бир қаторда яна 20 та хорижий мамлакатларнинг элчилари ўз ишонч ёрлиқларини топширди. Эммануэль Макрон элчиларни ушбу лавозимга киришишлари билан табриклаб, уларга икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги дипломатик фаолиятларида улкан зафарлар тилади.

Расмий маросим доирасида бўлиб ўтган суҳбатда Франция давлат раҳбари Тошкент ва Париж ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ҳолати ва истиқболини «юксак баҳолади».

Эммануэль Макрон 2023 йил ноябрь ойида Самарқандга буюрган расмий ташрифини илиқ таассуротлар билан эслаб, олий даражадаги сиёсий мулоқотни давом эттириш ва Ўзбекистон билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш тарафдори эканлигини таъкидлади, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Нодир Ганиев 23 июль куни Париж шаҳрига Ўзбекистоннинг янги элчиси сифатида етиб келганди. У шу кунга қадар Ўзбекистоннинг Швециядаги биринчи фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида ишлаган.