Давлат солиқ қўмитаси Inbazar савдо дўконлари тармоғида атиги бир нафар ходим расман иш билан банд экани ҳақидаги хабарларни рад этди. Аввалроқ Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook`даги саҳифасида мазкур бизнес тармоғи бир нафар ишчи учун солиқ тўлаётгани ҳақида ёзганди.

«Inbazar`даги зўровонлик саҳнаси ҳолва… Inbazar ҳақида ёзгим келмаганди. Бугун маълум бўлдики, юзлаб ишчилари бўлган бу тармоқли бизнес атиги бир киши учун солиқ тўларкан, яъни штатда бир одами бор экан. Бугун Kun.uz`да шу масалада кўрсатув тасвирга олинди. Кўряпсизми, нега Жаҳонгир Ортиқхўжаев нима учун бу болани „ўтда ёнмас, сувда чўкмас“ деб таърифлаганини… Буни солиқ, прокуратура билмаганми? Аллақандай департаментлар бу жиноятлардан бехабар бўлганми? Албатта, йўқ. Зўровонлик тасвирлари айсбергнинг учи, холос, таги… каттароқ жойларга уланиб кетади. Чунки у „ўтда ёнмас, сувда чўкмас“. Бечора Бахти ва Салимбой ўз кучларига ишониб адашган экан», — дейилади постда.

Давлат солиқ қўмитаси берган маълумотларга кўра, штатида 1 нафар ходим кўрсатилган Inbazar МЧЖ тадбиркорлик субъекти сифатида фаолият юритмайди ва ҳозирги пайтда ихтиёрий тугатилиш босқичида.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида Inbazar савдо бренди остида 3 та (In Mag, Go Trend, KDS Sales) тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда.

Тақдим этилган солиқ ҳисоботларига кўра, ушбу тадбиркорлик субъектларида 44 нафар ходим расман иш билан таъминланган.

Шунингдек, Солиқ органлари томонидан 2024 йилнинг ўтган даврида Soliq мобил иловасидаги Soliq hamkor тизими орқали харидорлардан келиб тушган мурожаатлар асосида мазкур тадбиркорлик субъектларида 17 маротаба сайёр солиқ текширувлари ўтказилиб, аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича жарималар қўлланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳридаги Inbazar кийим дўконида сотувчини калтаклаган қоровул ва жараённи видеога олган катта менежерга нисбатан жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судида ҳукм ўқилганди. Суд ҳужжатида 13 сентябрь куни сотувчи йигит дўкон аравачасини пастга улоқтириб юборгани, буни кўрган қоровулнинг жаҳли чиқиб, у билан даҳанаки жанжаллашгани, кейин эса сотувчини уятли сўзлар билан ҳақорат қилгани ва унинг юзига тарсаки туширгани айтилади. Воқеага аралашган катта менежер ҳам сотувчини сўккани ва ҳолатни видеога олиб, дўконнинг Telegram`даги 100 кишилик ишчи гуруҳига юборгани қайд этилган.

Дўкон номи билан очилган сайтда унинг Тошкент шаҳри бўйлаб 5 та филиали мавжудлиги кўрсатилган.