17 ва 18 сентябрь кунлари Ливан бўйлаб бир вақтнинг ўзида қатор портлашлар содир бўлди — аввалига «Ҳизбуллоҳ» аъзолари фойдаланадиган пейжерлар, эртаси куни эса рациялар портлади. Оқибатда камида 30 киши ҳалок бўлди, 3000 дан ортиқ киши турли оғирликдаги жароҳатлар олди. Гуруҳ ҳужумда Исроилни айблади. Исроил ўз иштирокини тасдиқламади, рад этгани ҳам йўқ.

The New York Times 12 нафар амалдаги ва собиқ Исроил мудофаа ва разведка ходимлари билан суҳбатлашди, улар эса ҳужум ортида Исроил турганини айтди. Улар операцияни «мураккаб ва узоқ давом этган» деб таърифлади.

Газетанинг ёзишича, «Ҳизбуллоҳ» узоқ вақтдан бери Исроилнинг мураккаб технологиялардан фойдаланилган ҳужумларига ҳимоясиз ҳисобланади. Сўнгги йилларда Исроил разведкаси гуруҳнинг бир неча юқори мартабали қўмондонларини йўл қилишга муваффақ бўлган. 2024 йил февралида кўп йиллар давомида алоқа учун пейжерларга ўтишга интилаётган ҳаракат раҳбари Ҳасан Насруллоҳ «Ҳизбуллоҳ» аъзоларини телефонлардан воз кечишга — уларни «кўмиб ташлаш» ёки «темир қутига солиш»га чақирган. Исроил эса бу вазиятда ўзига «имконият кўрди», дейилади материалда.

«Ҳизбуллоҳ» пейжерларга тўлиқ ўтишидан аввалроқ Исроил разведкаси Венгрияда B.A.C Consulting компаниясини яратган ва у халқаро пейжер ишлаб чиқарувчиси сифатида намоён бўлган. Нашр манбаларига кўра, шу мақсадда яна камида иккита компания яратилган. B.A.C Consulting оддий мижозларни ҳам қабул қилган ва улар учун оддий пейжерлар ишлаб чиқарган. Аммо «ҳақиқатда аҳамиятли» бўлган ягона мижоз «Ҳизбуллоҳ» эди, деб ёзди NYT.

Нашрнинг Исроил разведкасидаги суҳбатдошлари гуруҳнинг пейжерлари алоҳида тайёрлангани ва уларда PETN портловчисили батареялар бўлганини даъво қилмоқда. Пейжерлар Ливанга 2022 йилнинг ёзида оз миқдорда етиб кела бошлаган, бироқ Насруллоҳнинг мобил телефонларнинг хавфлилиги ҳақидаги баёнотларидан кейин ишлаб чиқариш тез суръатлар билан ўсган.

Насруллоҳнинг телефонлар билан боғлиқ хавотирлари Исроилнинг қурилмаларга масофадан бузиб кириши, микрофон ва камераларни фаоллаштириши мумкин бўлган янги жосуслик дастурлари ҳақидаги хабарлардан келиб чиққан. «Ҳизбуллоҳ» етакчиси нафақат жангарилар йиғинларига мобил телефон олиб келишни тақиқлаган, балки уларга пейжерларни доим ўзи билан олиб юришни буюрган, деб ёзади NYT.

Газетанинг таъкидлашича, «Ҳизбуллоҳ» учун пейжерлар мудофаа чорасига айланган, аммо Исроил разведкаси уларни «керак вақтда босилиши мумкин бўлган тугмалар» деб атаган.

17 сентябрь куни Исроил раҳбарияти пейжерларни фаоллаштиришга буйруқ берди. Қурилмаларни портлатиш учун Исроил разведкаси пейжерларни ёқди ва уларга «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори раҳбариятидан келганга ўхшаш араб тилидаги хабарлар юборди. Бир неча сония ичида Ливан «хаосга ботди», дейилади материалда.