Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков коронавируснинг янги штамми Ўзбекистонда аниқланмаганини маълум қилди. У бу маълумотни халқаро ва маҳаллий ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда дунё бўйлаб СOVID-19'нинг XEC номли янги штамми тарқалаётгани фонида айтди.

«Халқаро экспертлар хулосасига кўра, СOVID-19нинг XEC версияси „омикрон“ штаммининг KS.1.1 ҳамда KP.3.3 вариантлари комбинациси сифатида пайдо бўлган ва илк бор шу йил 15 июнда Германияда аниқланган. Ҳозиргача у 27 мамлакатда рўйхатга олинди», — дейди мутахассис.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда дунё бўйлаб «омикрон» штаммининг 10 та версияси «айланиб юрибди». Мутахассислар келаётган қиш мавсумида XEC версияси доминант, яъни энг кўп қайд этиладиган вариант бўлишини прогноз қилмоқда.

«Айтиш жоизки, бу касаллик енгил ва асоратсиз, аниқроғи ЎРВИ ва гриппга хос белгилар билан кечмоқда. Фақат айрим фарқли аломатлари бор. Енгил нафас қисиши, давомли йўтал, таъм ва ҳид билиш қобилияти қисман йўқолиши, ҳолсизлик каби симптомлар шулар жумласидан», — деди Атабеков.

Унинг айтишича, коронавирусга қарши қўлланиб келинаётган вакциналар ҳозир аниқланаётган барча штаммлар, хусусан, XEC мутациясига нисбатан ҳам самара беради ва янги эмлаш воситасини ишлаб чиқаришга эҳтиёж йўқ.

Халқаро тиббий амалиётда XEC штаммини юқтирган беморлар асосан бир-икки ҳафтада тўлиқ тузалиб кетиши кузатилмоқда. Амалдаги даволаш протоколлари, муолажа усуллари кутилганидек натижа беряпт, дейди у.

«Ҳозир Ўзбекистонда XEC штамми қайд этилгани йўқ. Ўз навбатида, СOVID-19'га қарши етарли вакциналар захирасига эгамиз. Шу боис юртимизда катта миқёсдаги эпидемия ва пандемиялар кузалитилиши эҳтимолдан йироқ. Негаки, аҳолимизда мавжуд бўлган жамоавий иммунитет мазкур касаллик қўзғатувчисини мамлакатимиз ҳудудига кириб келиб, жуда кенг кўламда тарқалиш хавфини сезиларли даражада камайтиради», — деди Нурмат Атабеков.

«Айни кунгача жаҳонда SARS-CoV-2 нинг салкам 40 мингта мутацияси қайд этилган. Ўтган даврда улардан фақат 20 га яқини касаллик чақирди, холос. Шу маънода, мутациялардан ваҳима ясаш керак эмас. Бинобарин, эндиликда коронавирус инфекциясига оғир йўқотишларни келтириб чиқарадиган хавфли патология эмас, балки ЎРВИ ва грипп сингари мавсумий касалликлар сингари муносабатда бўлиш вақти келди», — дея қайд этди мутахассис.