18 сентябрь куни кечқурун Ливан жануби ва Байрутнинг жанубий чеккасида «Ҳизбуллоҳ» қуролли гуруҳи фойдаланадиган портатив рациялар портлашни бошлади, деб хабар бермоқда CNN.

Телеканал маълумотларига кўра, ўнлаб портлашлар содир бўлган. Камида 14 киши ҳалок бўлди, 450 дан ортиқ киши жароҳатланди.

Гувоҳнинг сўзларига кўра, портлашлардан бири кечаги «Ҳизбуллоҳ» пейжерлар портлаши оқибатида ҳалок бўлганларнинг дафн маросимида содир бўлган.

Reuters манбасининг таъкидлашича, гуруҳ рацияларни беш ой олдин, пейжерлар билан бир вақтда сотиб олган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ливандаги вазиятдан хавотир билдирди.

«Бош котиб барча манфаатдор томонларни вазият бундан-да авж олишига йўл қўймаслик учун максимал даражада вазминликка чақиради», — деди унинг матбуот котиби Стефан Южаррик.

  • 17 сентябрь куни бутун Ливан бўйлаб бир вақтнинг ўзида «Ҳизбуллоҳ» аъзолари томонидан фойдаланиладиган пейжерлар портлади. Камида 12 киши ҳалок бўлди, 3000 га яқин киши яраланди.
  • Reuters хабарига кўра, Исроил разведка хизмати «Моссад» портлашлардан бир неча ой олдин «Ҳизбуллоҳ» томонидан буюртма қилинган 5000 пейжерга портловчи моддалар ўрнатган. Исроил раҳбарияти операцияни шу ҳафта бошида маъқуллади, деб ёзди Axios. Нашр суҳбатдошларига кўра, Исроилнинг мақсади сиёсатини ўзгартириш учун «Ҳизбуллоҳ» сафларида параноя ва қўрқувни кучайтиришдан иборат эди.