Август ойида Самарқанд вилояти Ургут туманидаги «Омонқўтон» миллий табиат боғига номаълум шахслар экскаватор ва бульдозерлар билан ноқонуний кириб, дарахт ва буталарга зарар етказган ҳамда Қизил китобга киритилган ўсимликларни пайҳон қилганди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, ушбу ҳудудда ноқонуний равишда йўл очилиб, тупроқлар сурилган ва бунинг оқибатида Ўзбекистон қизил китобига киритилган 7 турдаги 1112 туп, ноёб ва йўқолиб бораётган 5 турдаги 1 479 туп ўсимлик нобуд қилинган. Шунингдек, 8 турдаги 64 туп дарахт ва буталар кесилган, нобуд қилинган ва шикастлантирилган.

Умумий ҳисобда 1 миллиард 115 миллион 907 минг сўм зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 204-моддаси (Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатларига олиб борилмоқда, тергов устидан Бош прокуратура назорати ўрнатилган, дейилади хабарда.