Солиқ қўмитаси тўлов топшириқномаларини жўнатишдаги муаммолар ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Тўлов топшириқномалари — мижознинг унга хизмат кўрсатувчи банкка маълум бир суммани ўз ҳисобидан бошқа ҳисобрақамга ўтказиш тўғрисидаги топшириғи. Бу етказиб берувчилар ва харидорлар, солиқ резидентлари ва солиқ органлари (солиқлар, йиғимлар, жарималар ва бошқалар), иш берувчилар ва ходимлар (иш ҳақи, бонуслар) ўртасида операцияларни амалга ошириш учун зарур.

Ташкилот маълумотларига кўра, сентябрь ойидан бошлаб айрим банклар янги ахборот тизимларига ўтган ва бу ҳақда Солиқ қўмитасига хабар бермаган.

Қайд этилишича, дастурчилар банклар томонидан қўлланаётган тизимларга ўзгартиришлар киритмоқда, шу сабабли баъзи тўлов топшириқномалари ижросиз қайтарилмоқда.

Масалан, шу ой бошидан буён Tenge bank 2439 та топшириқномадан 413 тасини ва «Капиталбанк» 4287 та топшириқномадан 740 тасини бажармасдан қайтарган, дейилади хабарда.

Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан мажбуриятларини ўз вақтида бажармаган банклар мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этиш ва жавобгарлик чоралари тўғрисида расман огоҳлантирилди.