Тошкент шаҳрида иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти учун тарифлар оширилади. Бу ҳақда халқ депутатлари пойтахт кенгашининг ушбу таклифни маъқуллаган 12 сентабрдаги қарорида айтилади.

Аҳолига иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти хизматларининг янги чакана тарифи 15 фоизга ошади ва 105 754 сўм/Гкал ўрнига 121 617 сўмни ташкил этади. Охирги марта нарх жорий йилнинг 2 апрелида — ўтган иситиш мавсуми тугаганидан кейин кўтарилганди.

Юридик шахслар учун тариф ҳам 15 фоизга ошади — бир Гкал учун 212 606 сўмдан 244 497 сўмгача. Охирги ўсиш 2023 йил охирида бўлган. Янги тарифларнинг кучга кириш санаси келтирилмаган.

Жорий йилнинг февраль ойида Veolia Energy Tashkent компанияси кенгашга Тошкент шаҳри аҳолисига иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифини 15 фоизга ошириш таклифини киритганди. Корхона раҳбарининг айтишича, шаҳар аҳолиси базавий тарифнинг атиги 14 фоизини тўлайди, қолгани эса шаҳар бюджетидан субсидия шаклида қопланади.

Эслатиб ўтамиз, пойтахт бюджети барча харажатларининг тўртдан бир қисми аҳоли учун пасайтирилган тарифлардан фойдаланиш натижасида иссиқлик таъминоти корхоналарининг йўқотишларини қоплашга йўналтирилади. 2024 йилда бунинг учун 1,97 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган, бу 2023 йил прогнозидан (1,6 триллион сўм) 22,8 фоизга кўпдир.