Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни айрим солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар қилди.

Унга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб йўловчиларни ягона тарифлар бўйича ташиш хизматлари учун имтиёзлар бекор қилинади. Бугунги кунда улар шаҳар жамоат транспортида (таксидан ташқари, шу жумладан, йўналишли) ва шаҳар атрофи поездларида ташишга татбиқ этилмоқда.

Бундан ташқари, шу санадан бошлаб ягона муассислари ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари бўлган юридик шахслар томонидан ўзлари ишлаб чиқарган товарлар ва хизматларни реализация қилиш бўйича айланма учун ҚҚС бўйича имтиёз бекор қилинади. Бунда уларнинг сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди камида 50 фоизни ташкил этиши керак.

Шунингдек, янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилиш тарзидаги имтиёзни бекор қилган ҳолда, мазкур ер участкалари бўйича солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилади.

Эслатиб ўтамиз, 1 апрелдан бошлаб иситиш ва иссиқ сув таъминоти хизматлари учун тўловларга имтиёзлар бекор қилингандан сўнг, белгиланган тарифга ҚҚС 12 фоизга қўшилди. Илгари ушбу хизматларни кўрсатиш бўйича айланмага ноль даражали ставкада ҚҚС солиқ солиниши белгиланган эди.

Июль ойида президент тадбиркорлар учун имтиёз ва субсидиялар энди мақсадли кўрсаткич билан бир йилга ажратилишини маълум қилган эди.