20 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга янги тайинланган 6 нафар хорижий элчидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ишонч ёрлиқларини топширганлар: Ҳиндистон (Смита Пант), Жанубий Корея (Вон До Ён), Мўғулистон (Дааданхуу Батбаатар), Германия (Манфред Хутерер), Исроил (Гидеон Лустиг) элчилари ва Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари Тойво Клаар. Президент хорижий дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини Ўзбекистондаги шарафли ва масъулиятли фаолияти расман бошлангани билан табриклади.

Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон элчиси Смита Пантга мурожаат қилар экан, икки мамлакат етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилганини қайд этди.

президент

Смита Пант.

2024 йил бошидан буён икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошди, қўшма корхоналар, авиақатновлар сони кўпаймоқда, сайёҳлик алмашинуви кенгаймоқда, ҳудудлараро алоқалар изчил ривожланмоқда. Ўзбекистонда Ҳиндистон университетларининг тўртта филиали муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Давлат раҳбари яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, рақамли иқтисодиёт, инновациялар, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорлик лойиҳаларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва «Ҳиндистон — Марказий Осиё» форматидаги мулоқотни давом эттириш учун катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Ўзбекистон етакчиси Корея Республикаси Осиё қитъасидаги вақт синовларидан ўтган яқин дўст ва алоҳида стратегик шерик эканини таъкидлади. Президент Юн Сок Ёлнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида кўп қиррали Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигининг янги босқичини бошлашга келишиб олинди.

президент

Юн Сок Ёл.

«Тошкентда барпо этилган Болалар клиникаси, Корея маданияти ва санъати уйи, Сеул боғи ва кўчаси мустаҳкам дўстлигимизнинг ёрқин рамзларига айланди, кўп миллатли халқимизнинг ажралмас қисми бўлган салкам 200 минг нафар фуқароларимиздан иборат корейс диаспораси эса тараққиётимизга муносиб ҳисса қўшмоқда», — деди Ўзбекистон президенти.

президент

Дааданхуу Батбаатар.

Давлат раҳбари Мўғулистон элчисига мурожаат қилар экан, президент Ухнаагийн Хурелсухнинг яқинда Ўзбекистонга қилган давлат ташрифи ўзаро манфаатли муносабатларимизда янги саҳифа очганини таъкидлади. Тошкентда Мўғулистон элчихонаси ўз фаолиятини бошлади. Жорий йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми икки баробар ошди. Турли вазирлик ва идоралар ўртасидаги алоқалар фаоллашди.

президент

Манфред Хутерер.

Ўзбекистон раҳбари дунёнинг етакчи давлатларидан бири, улкан интеллектуал ва иқтисодий салоҳиятга эга Германия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим ва узоқ муддатли ҳамкори эканини таъкидлади. Ўтган йили Германияга амалга оширилган иккита олий даражадаги ташриф, шунингдек, Федерал Канцлер Олаф Шольцнинг яқинда Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи кўп қиррали Ўзбекистон-Германия муносабатлари тарихида янги даврни бошлаб берган муҳим воқеалар бўлгани таъкидланди.

президент

Гидеон Лустиг.

Президент Исроил Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий шериги эканини таъкидлади. Президент икки томонлама ҳамкорлик учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Хусусан, инновациялар, «ақлли» қишлоқ ва сув хўжалиги, ресурс тежайдиган технологиялар, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирди. Давлат раҳбари Ўзбекистон Яқин Шарқдаги вазият тез орада адолатли ечим топиши, умумэътироф этилган ҳужжатлар асосида узил-кесил тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишининг қатъий тарафдори эканини тасдиқлади.

президент

Тойво Клаар.

Ўзбекистон президенти Европа Иттифоқи ишончли ва вақт синовидан ўтган ҳамкор эканлигини таъкидлади.

«Европа томони билан сиёсий мулоқотларни фаоллаштириш, демократик институтларни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари масалаларида очиқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш, иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида ҳамкорликнинг янги «ўсиш нуқталари»ни топиш, фуқароларимиз борди-келдилари учун виза режимини енгиллаштириш каби долзарб йўналишларда биргаликда ишлаш ниятидамиз», — деди Ўзбекистон президенти.

Маросим якунида Ўзбекистон президенти янги тайинланган элчиларга шарафли фаолиятида катта муваффақиятлар тилади, бунёдкорлик ишлари ва ислоҳотлар натижалари билан, айниқса, энг чекка туман ва қишлоқларга бориб яқиндан танишишни тавсия қилди.

Ўз навбатида, хорижий дипломатлар самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги фаолиятини самарали олиб боришларига яратилган шароитлар учун ташаккур изҳор этди.