Исроил Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» объектларига энг кучли оммавий зарбаларидан бирини йўллади, деб хабар қилмоқда CNN. Қатор зарбалар пайшанба куни кечқурун, гуруҳ етакчиси Ҳасан Насралла сўнгги икки кундаги ҳужумлар — пейжерлар ва портатив рациялар портлашларига бағишланган нутқидан бир неча соат ўтиб бошланди.

Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) авиазарбалар оқибатида Исроил ҳудудига 1000 га яқин ракета учиришга тайёр бўлган 100 дан ортиқ «Ҳизбуллоҳ» ракета қурилмалари йўқ қилинганини маълум қилди. ЦАХАЛ «Ҳизбуллоҳ»нинг «инфратузилмаси ва имкониятларини йўққа чиқариш» бўйича ишларни давом эттиришини қўшимча қилди.

«Ҳизбуллоҳ», ўз навбатида, Исроил шимолидаги ҳарбий объектларга камида 17 та зарба берганини билдирди. ЦАХАЛ бунга изоҳ бермади.

«Ҳизбуллоҳ» раҳбари ўз нутқида «барча қизил чизиқларни кесиб ўтган» икки томонлама ҳужумларни қоралади. Унинг айтишича, гуруҳга «жиддий зарба берилган», аммо бу жавобсиз қолмайди. Исроил пейжерлар ва рацияларнинг портлашига алоқадорлигини тасдиқламади, аммо рад ҳам қилмади.

CNN нашрининг таъкидлашича, Исроилнинг «шиддатли» ҳужумлари Яқин Шарқни яна «кенг кўламли можаро ёқасига» бошлаган. Исроил аллақачон «Ҳизбуллоҳ»га қарши урушга тайёрлигини билдирди. ЦАХАЛ гуруҳнинг мунтазам ҳужумлари туфайли эвакуация қилинган Исроил аҳолисини шимолий чегара яқинидаги уйларига қайтаришни мақсад қилган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши жума куни Ливандаги вазиятни муҳокама қилиш учун шошилинч йиғилиш ўтказиши керак.