«Темирйўлинфратузилма» АЖнинг Жиззах вилояти Зомин туманидаги Даштобод станцияси бошлиғи МЧЖ вакилидан 10 минг доллар талаб қилди, дея хабар берди ДХХ ахборот хизмати.

У, жумладан:

  • Тожикистондан Ўзбекистонга олиб келинадиган кўмир ортилган 100 та юк вагонини ўзининг танишлари орқали божхона кўригидан навбатсиз ўтказиб бериш;
  • станцияда юкни тушириш жараёнида вагонлар белгиланган вақтдан ортиқ туриб қолган тақдирда, темирйўл жаримасини қўлламаслик;
  • юк белгиланган вақтда тушириб олингани бўйича ҳужжатни расмийлаштириб бериш эвазига ҳар бир вагон учун 100 доллардан жами 10 минг доллар сўраган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда станция бошлиғи 40 та вагон учун 4 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Маълумот учун, бу мансабдор муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан судланган.