Олий Мажлиси Сенати 20 сентябрдаги йиғилишида маърифий фаолиятни тартибга солиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади, деб хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Хабарга кўра, ёшлар ўртасида «носоғлом маънавий-маърифий хатти-ҳаракатлар кўпайиб, унинг натижасида аҳоли вакиллари, жумладан, ёшлар ва болалар онги, маданияти ва қарашларига бегона бўлган турли ёт ғоялар» ортмоқда.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминовнинг таъкидлашича, гап зарур билим ва тажрибага эга бўлмаган сохта тренер ва ўқитувчилар ҳақида кетмоқда.

Унга кўра, амалдаги қонунчиликда ҳисобот, тақдимот, семинар, маҳорат дарси, курс, маъруза, марафон ва давра суҳбати тарзида ўтказиладиган фаолият турлари акс эттирилмаган. «Бу, ўз навбатида, фарзандларимизнинг маърифатига салбий таъсир кўрсатмоқда», — деди у.

«Таълим тўғрисида»ги қонунга маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилашга қаратилган қўшимча киритилмоқда.

Маърифий фаолиятнинг бундай ҳаракат билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан амалга оширилиши ёхуд қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этмаганлик учун фуқароларга БҲМнинг 5 дан 10 бараваригача (1,7 миллиондан 3,4 миллион сўмгача), мансабдорларга эса — 10 дан 15 бараваригача (3,4 миллиондан 5,1 миллион сўмгача) миқдорда жарима солинади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилиши фуқароларга — БҲМнинг 10 дан 15 бараваригача, мансабдорларга эса — 15 дан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қонун маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби, шакллари, уни амалга ошириш талаблари ва шартларини, маърифий фаолиятни амалга ошириши тақиқланган шахслар доирасини белгилайди ҳамда жамиятда маърифий фаолиятни амалга оширишда мавжуд муаммо ва тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.

Қонунчилик палатаси томонидан илгари қабул қилинган қонунга кўра, маърифий фаолият инсонни шахсий, интеллектуал ва маънавий ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятни намоён этиш, индивидуал салоҳият ва имкониятлари, мулоқот қобилиятларини яхшилаш учун зарур кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган ҳамда давлат таълим стандартлари билан қамраб олинмайдиган фаолият тури ҳисобланади.

Маърифий фаолиятнинг республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний ва юридик шахслар томонидан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган талабларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Қонун лойиҳасида маърифий фаолият билан шуғулланиши тақиқланган шахслар рўйхати ҳам белгилаб берилган.

Маърифий фаолиятини ўтказиш тартиби, унинг шакллари, талаблари ва шартлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Қонун кучга кириши учун уни президент имзолаши керак.