Олий Мажлиси Сенати 20 сентябрдаги йиғилишида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима тўлаш тартибини ўзгартиришга доир қўшимчаларни маъқуллади, деб хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Кутбидин Бурхановнинг айтишича, амалдаги қонунчиликда фото ва видеоёзувлар орқали аниқланган қонунбузарликларни жарима тўлаш бўйича қарор қабул қилувчи органларга юборишнинг аниқ муддатлари белгиланмаган. Шу сабабли ЙҲХХ хабарномани бир неча кун ичида, баъзи ҳолларда эса ЙҲҚ бузилган пайтдан бир неча ой ўтиб олмоқда.

Унинг сўзларига кўра, бу айрим фуқароларнинг тўпланган жарималарни тўлашда қийналишига олиб келмоқда, чунки амалда улар қонунбузарлик ҳақида ўз вақтида маълумот олган тақдирдагина жариманинг 50 фоизини тўлаши мумкин.

Шу муносабат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17−1-моддаси фото ва видеофиксациялар орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича ўз вақтида фуқароларни хабардор қилиш ҳамда чора кўриш тўғрисидаги норма билан тўлдирилди, деди сенатор.

ЙҲҚни бузганлик ҳақидаги маълумот 48 соат ичида ЙҲХХга юборилиши шартлиги, акс ҳолда ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги кўриб чиқилмоқда.

Ички ишлар вазири ўринбосари — ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев Қонунчилик палатасининг апрель ойида бўлиб ўтган мажлисида радар қайд этган қоидабузарлик тўғрисидаги маълумотлар 48 соат муддат ичида ваколатли органга етказилиши шартлигига, ЙҲХХ эса 15 кундан кечиктирмай жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилиши кераклигига ойдинлик киритганди. Акс ҳолда ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмайди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойидан бошлаб йўл ҳаракати қоидалари бузилиши билан боғлиқ қарор ва хабарномалар бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали шикоят йўллаш мумкин бўлди.